Дунёда фақат уч киши паспортсиз хорижга сафар қила олади. Улар кимлар?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Дунёда фақат уч киши, жумладан, Буюк Британия қироли Чарлз ИИИ, Япония императори Наруҳито ва унинг рафиқаси Масако, ўзларининг алоҳида мақомлари туфайли паспорциз хорижга сафар қилиш ҳуқуқига эга.
- Буюк Британия қироли учун Британия паспорти талаб этилмайди, чунки паспортлар монарх номидан расмийлаштирилади ва унинг ўрнига махсус ҳужжатлар ҳамда дипломатик тартиблар қўлланилади.
Хорижга саёҳат қилишда аксарият одамлар учун паспорт асосий ҳужжат ҳисобланади. Бироқ дунёда ўз мақоми туфайли паспортсиз хорижга сафар қилиш ҳуқуқига эга бўлган атиги уч нафар шахс бор: Буюк Британия қироли Чарльз III, Япония императори Наруҳито ва унинг рафиқаси Масако. Бу имтиёз уларнинг давлат раҳбари ва монарх сифатидаги алоҳида мақоми билан боғлиқ.
Буюк Британия қироли Чарльз III учун хорижга чиқишда Британия паспорти талаб этилмайди. Қироллик оиласининг расмий сайтида бунинг сабаби Британия паспортлари монарх номидан расмийлаштирилиши билан изоҳланган. Шу боис қиролнинг ўзига алоҳида паспорт керак эмас.
Оддий паспорт ўрнига Британия монархи сафарларида махсус ҳужжат ва дипломатик тартиблардан фойдаланилади. Британия паспортининг биринчи саҳифасида ҳам монарх номидан унинг эгасини тўсқинликсиз ўтказиш ва зарур ёрдам ҳамда ҳимоя кўрсатиш сўралган расмий мурожаат мавжуд. Қироллик оиласининг бошқа аъзолари эса паспорт билан саёҳат қилади.
Япония императори нега паспорт олмайди?
Япония императори Наруҳито ва унинг рафиқаси Масако ҳам шунга ўхшаш, аммо алоҳида тартибга эга. 1971 йилда Япония Ташқи ишлар органлари император ва императрицага оддий паспорт бериш ҳамда уларни оддий фуқаролар каби паспорт ва виза жараёнларидан ўтказиш мақомларига мос эмас, деган қарорга келган.
Шу сабабли император ва императрица хорижга ташриф буюрганда паспорт ўрнига тегишли вазирлик ҳужжати асосида сафар қилади. Япония ҳукумати эса уларнинг ташрифи ҳақида бориладиган давлатни олдиндан дипломатик каналлар орқали хабардор қилади.
Бу имтиёз Япония император оиласининг барча аъзоларига тегишли эмас. Масалан, бошқа юқори мартабали император оиласи аъзолари дипломатик паспортлардан фойдаланади.
Императорнинг мақоми яна нимаси билан фарқ қилади?
Японияда императорнинг оддий фуқаролардан фарқли мақоми бошқа жиҳатларда ҳам намоён бўлади. У мамлакат сиёсатини бевосита бошқармайди ва конституция бўйича давлат ҳамда халқ бирлигининг рамзи ҳисобланади.
Шунингдек, Япония император оиласи аъзолари оддий фамилиядан фойдаланмайди.
Шундай қилиб, Чарльз III, Наруҳито ва Масаконинг паспортсиз хорижга чиқиши оддий истисно эмас, балки уларнинг конституциявий ва давлатчиликдаги алоҳида мақомига боғлиқ махсус тартиб ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…