Бир кечаси 8 100 доллар: Саудия ҳашаматли поезд ишга туширади

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Саудия Арабистони 2027-йилнинг учинчи чорагидан бошлаб "Дреам оф те Десерт" номли биринчи ҳашаматли поездини ишга туширади.
- Ушбу поездда бир кеча тунаш тахминан 8 100 долларга тенг бўлиб, у 12 та вагондан иборат ва 72 йўловчини сиғдира олади.
- Поезд Ар-Риёддан шимолга, Иордания чегарасигача бўлган ҳудудлар орқали 1 000 километрдан ортиқ масофани босиб ўтади, сафар давомийлиги эса икки кундан беш кунгача бўлади.
Саудия Арабистони ўз тарихидаги биринчи премиум-класс темирйўл лойиҳаси — Dream of the Desert ҳашаматли поездини ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда. Йўловчилар янги поездда 2027 йилнинг учинчи чорагидан бошлаб саёҳат қилиш имконига эга бўлади. Бу ҳақда Khaleej Times хабар берди.
Лойиҳа бош менежери ва Arsenale International компанияси бош директори Раффаэле Бресчи ушбу саёҳатни “ғилдираклар устидаги ҳақиқий театр томошаси” дея таърифлаган. Унинг айтишича, поезддаги ҳар бир детал пухта ўйланган бўлиб, бутун сафар бошидан охиригача ягона концепция асосида ташкил этилади.
Бир кеча тунаш 8 100 долларга тушади
Dream of the Desert 12 та вагондан ташкил топади. Поездда 34 та люкс купе бўлиб, бир вақтнинг ўзида 72 нафар йўловчини қабул қила олади.
Саёҳатчиларга уч хил йўналиш таклиф этилади. Люкс купеда бир кеча тунаш тахминан 30 000 саудия риёли, яъни 8 100 доллар атрофида бўлади.
Дастлабки рейсларда саёҳат қилиш истагида бўлганлар эса олдиндан тахминан 2 500 риёл, яъни 680 доллар миқдорида қайтариладиган депозит тўлаб, устувор рўйхатдан жой олиш имконига эга.
Поезд 1 000 километрдан ортиқ йўл босади

Лойиҳа доирасидаги асосий йўналиш 1 000 километрдан ортиқ масофани қамраб олади. Поезд Ар-Риёддан шимол томонга ҳаракатланиб, деярли Иордания чегарасигача бўлган Саудия Арабистонининг чекка ва ҳали кенг ўрганилмаган ҳудудлари орқали ўтади.
Поезд Ал Қассим, Ҳайл, Ал Жауф ва Қурайят шаҳарларида тўхтайди.
Раффаэле Бресчининг таъкидлашича, ушбу ҳудудлар ҳатто Саудия Арабистони аҳолиси орасида ҳам етарлича ўрганилмаган. Вокзаллардан 30–40 дақиқалик масофада ЮНЕСКО мероси объектлари, келажакда рўйхатга киритилиши мумкин бўлган ҳудудлар, сўнган вулқонлар ва турли фермалар мавжуд.
Саёҳат дастурида тарихий масканлар ҳам бор
Сафар дастурига Ал Жауфдаги Марид қалъаси ва Ҳайлдаги Ажа тоғлари ҳам киритилган.
Бресчи Ажа тоғларини машҳур Ал Ула ҳудудига ўхшатган, аммо бу жойнинг табиий муҳити ва манзаралари ўзига хос эканини таъкидлаган.
Саёҳатлар давомийлиги икки кечадан беш кечагача бўлади. Энг узоқ, беш кечалик йўналиш дастурига Ал Улага ташриф ҳам киритилади.
Dream of the Desert лойиҳаси Саудия Арабистонининг Saudi Vision 2030 стратегияси доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу стратегия мамлакатни дунёнинг етакчи сайёҳлик йўналишларидан бирига айлантиришни мақсад қилган.






























Изоҳлар 0
…