Футболчи воз кечган тахтга телебошловчи ўтирди

Футболчи воз кечган тахтга телебошловчи ўтирди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Уганданинг Тооро қироллигида собиқ телебошловчи Эдвард Рукиди Кижанангома янги қирол сифатида тахтга ўтирди ва Эдвард Рукиди Нябонго И номини олди.
  • 56 ёшли Кижанангома, 34 ёшида саратон касаллигидан вафот этган марҳум қирол Оё Нимба Кабамба Игуро Рукиди ИВнинг амакиваччаси ҳисобланади.
  • Қироллик қўмитаси аввал футболчи Жорж Десмонд Камурасини ворис сифатида танлаган бўлса-да, у тахтни рад этган ва шундан сўнг Кижанангома 13-монарх этиб сайланган.

Уганданинг Тооро қироллигида собиқ телебошловчи Эдвард Рукиди Кижанангома янги қирол сифатида тахтга ўтирди. У 29 сентябрь куни ўтказилган анъанавий маросимда Эдвард Рукиди Нябонго I номини олди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

56 ёшли Кижанангома марҳум қирол Ойо Ньимба Кабамба Игуро Рукиди IVнинг амакиваччаси ҳисобланади. Ойо 27 август куни АҚШда саратон касаллигидан 34 ёшида вафот этган. Кижанангома Тооро қироллигининг 13-монархи бўлди.

Янги қиролни Баторо халқининг ҳукмрон Бабиито уруғидан тузилган 21 кишилик қўмита танлаган. Кижанангома аввал Uganda Broadcasting Corporation телеканалида янгиликлар бошловчиси ва муҳаррири бўлиб ишлаган.

Тахт ворислиги марҳум қиролнинг вафотидан сўнг баҳсли тус олган. Оёнинг онаси Бест Кемигиса ва синглиси малика Рут Комунтале марҳум қиролнинг ёш ўғли борлигини ҳамда унинг васиятномасида бола тахт вориси сифатида кўрсатилганини билдирган. Бироқ Бабиито уруғи раҳбари Чарлз Кайондо Камураси бу бола уруғга маълум эмаслигини айтган.

Аввалроқ қироллик қўмитаси Оёнинг амакиваччаси, Лондонда футбол ўйнайдиган Жорж Десмонд Камурасини ворис сифатида танлаган эди. Бироқ у тахтни рад этган ва шундан сўнг Кижанангома янги қирол сифатида танланган.

Тож кийиш маросими Тооро қироллигининг пойтахти Форт-Портал шаҳридаги Карузиика саройида бўлиб ўтган. Унда анъанавий рақслар, ногора садолари, рамзий жанг ва қироллик маросимлари ўтказилган. Маросимда буқа сўйилиб, товуқ қонидан ҳам фойдаланилган. Тадбирда Уганда Президенти Йовери Мусевени ҳам қатнашган.

Янги қирол илк нутқида Тооро халқининг маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини асрашга ваъда берган. Шунингдек, аҳолини атроф-муҳитни муҳофаза қилишга чақирган.

Маълумот учун, Уганда сайланган президент бошқарадиган конституциявий республика ҳисобланади. Мамлакатдаги тарихий қиролликлар сиёсий ҳокимиятга эга эмас, бироқ маданий мерос ва миллий ўзликнинг муҳим рамзлари сифатида сақланиб қолган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар