Ака-ука Тейтлар АҚШда яна ҳибсга олинди

Кеча, 18 июль куни таниқли блогер ва инфлюенсерлар Эндрю ҳамда Тристан Тейт АҚШда зўрлаш, одам савдоси ва жинсий жиноятлар билан боғлиқ айбловлар асосида ҳибсга олинди. Бу ҳақда Буюк Британия Қироллик прокуратураси маълум қилди.
Прокуратура баёнотига кўра, Эндрю Тейтга нисбатан 32 та янги айблов илгари сурилган. Улар орасида етти банд бўйича зўрлаш, жинсий эксплуатация мақсадида одам савдосини ташкил этиш ёки унга кўмаклашиш, баданга шикаст етказиш, шунингдек, болалар иштирокидаги номақбул тасвирлар ва экстремал порнографияга оид бир қатор айбловлар мавжуд.
Тристан Тейт эса жинсий зўравонлик, икки ҳолат бўйича зўрлаш ҳамда жинсий эксплуатация мақсадида одам савдосини ташкил этиш ёки унга кўмаклашишда айбланмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, мазкур жиноятлар 2010–2017 йиллар оралиғида содир этилган. Бундан аввал ҳам ака-ука Тейтларга нисбатан 21 та айблов эълон қилинган эди.
The New York Post хабарига кўра, АҚШ Маршаллар хизмати ака-ука Тейтларни Маями шаҳридаги Жеймс Л. Найт спорт мажмуаси яқинида қўлга олган. Маълум бўлишича, Эндрю Тейт айнан шу ерда қўлқопсиз жанг турнирини ўтказиши режалаштирилган эди.
Маълумот учун, Эндрю Тейт кикбоксинг бўйича тўрт карра жаҳон чемпиони, унинг укаси Тристан Тейт эса икки карра Европа чемпиони ҳисобланади. Спортдаги фаолиятидан сўнг улар ижтимоий тармоқлардаги кескин баёнотлари ва баҳсли фаолияти билан машҳур бўлди. Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда ака-ука Тейтларга нисбатан Руминияда ҳам одам савдоси ва бошқа оғир жиноятлар юзасидан жиноий айбловлар қўйилган эди.






























Изоҳлар 0
…