date

Ҳозирча Москвага меҳнат мигрантлари кераклиги маълум бўлди

Ҳозирча Москвага меҳнат мигрантлари кераклиги маълум бўлди

Москва шаҳри яқин истиқболда меҳнат мигрантларини жалб қилишдан воз кеча олмаслиги очиқ тан олинди. Бу ҳақда Москва шаҳар думаси йиғилишида сўзга чиққан пойтахт мэри Сергей Собянин маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги кунда шаҳардаги ишчи кучи танқислиги тахминан 500 минг нафарни ташкил этмоқда ва бу ҳолат миграция сиёсатига реал ёндашувни тақозо этяпти.

Шаҳар раҳбарига кўра, назарий жиҳатдан олиб қаралганда, Москва мигрантларсиз ҳам яшаши мумкин эди. Аммо амалда демографик ҳолат ва иқтисодий тузилма бунга йўл қўймаяпти. «Иқтисодиёт ва демография, афсуски, ўз қоидаларини белгилайди», — деди Собянин ўз чиқишида.

Мэрнинг фикрича, ҳозирги демографик пасайиш, меҳнат бозоридаги номутаносиблик ва айрим соҳаларда маҳаллий кадрлар етишмаслиги миграция сиёсатида синовдан ўтган, мувозанатли ва эҳтиёткор ёндашувни талаб қилади. Шу билан бирга, у кадрлар тақчиллиги иқтисодий ўсиш суръатлари пасайган тақдирда ҳам камаймаслигини, аксинча, янада чуқурлашишини қайд этди.

Собяниннинг таъкидлашича, мавжуд мураккабликларга қарамасдан, меҳнат мигрантлари пойтахт иқтисодиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, улар Москва ялпи ҳудудий маҳсулотининг тахминан 5–6 фоизини таъминлайди. Агар мигрантлар сони кескин қисқарса, инфляция даражаси ошиб, саноат, қурилиш ва ҳатто мудофаа соҳаларида кадрлар етишмовчилиги янада кучайиши мумкин.

Якунда Москва мэри шаҳар раҳбарияти популистик қарорлардан йироқ туриб, миграция соҳасида изчил ва тизимли тартиб ўрнатиш ниятида эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, миллатлараро ва динлараро тотувликни сақлаш, жамиятда барқарорликни таъминлаш пойтахт учун устувор вазифа бўлиб қолади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Ҳозирча Москвага меҳнат мигрантлари кераклиги маълум бўлди