Россиялик эксперт: Россия ўзбекларсиз яшай олади, Ўзбекистон Россиясиз яшай оладими?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Евроосиё таҳлилий клуби раҳбари Никита Мендковичнинг таҳлилига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 600 мингга яқин ёш меҳнат бозорига кириб келади, 2030 йилга бориб эса бу рақам йилига 1 миллионга етиши кутилмоқда, бироқ мамлакатда йилига атиги 290 минг атрофида янги иш ўринлари яратилмоқда.
- Ғарб давлатларига миграция йўналишларини ўзгартириш чекланган квоталар, тил ва малака талаблари туфайли йилига меҳнат оқимининг атиги 5-7 фоизини қоплаши мумкин.
Евроосиё таҳлилий клуби раҳбари Никита Мендкович Ўзбекистоннинг демографик ўсиши, ички меҳнат бозори салоҳияти ҳамда ташқи меҳнат миграцияси истиқболларига бағишланган таҳлилини эълон қилди. Унда мутахассис Ўзбекистонда ишчи кучи кўпайиб бораётгани шароитида Россия Федерацияси билан иқтисодий ва меҳнат муносабатлари қандай аҳамият касб этиши ҳақида ўз фикрларини билдирган.
Мақолада келтирилган рақамлар, айниқса Ғарб давлатлари квоталарининг чеклангани ва миграцияни диверсификация қилиш борасидаги қийинчиликлар таҳлилчилар ўртасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Демографик босим: Ички бозор иш ўринларини етказиб бера оладими?
Эксперт Ўзбекистондаги йиллик демографик ўсиш ва янги иш ўринлари нисбатига тўхталиб ўтган:
Ёшларнинг бозорга кириб келиши: Мендковичнинг таъкидлашича, ҳар йили мамлакатда 600 мингга яқин ёшлар меҳнат бозорига кириб келмоқда, 2030 йилга бориб эса бу рақам йилига 1 миллионга етиши кутилмоқда;
Ички имкониятлар: Инвестициялар ва савдо вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда, эксперт республикада йилига 290 минг атрофида янги иш ўринлари яратилаётганини, қолган қисми эса бандлик масаласида қийинчиликларга дуч келишини қайд этади;
Сув ва иқлим омили: Муаллиф минтақадаги сув ресурслари тақчиллиги сабабли қишлоқ хўжалигида ҳам ишчи ўринларини сақлаб қолиш мураккаблашишини тахмин қилади.
Нима учун Ғарб йўналишлари ечим бўла олмаяпти?
Сўнгги вақтларда миграция йўналишларини Европа ва Осиёнинг ривожланган давлатларига буриш ҳаракатлари эксперт томонидан математик жиҳатдан таҳлил қилинган:
Европа квоталари жуда кам: Буюк Британиянинг мавсумий қишлоқ хўжалиги квотаси йилига бор-йўғи 10–12 минг ўринни ташкил этса, Жанубий Корея ва Япония йилига жами 6–7 минг нафар ишчини қабул қилади;
Тил тўсиғи ва малака талаби: Германия ва Европа Иттифоқи бозорларида ишлаш учун B1/B2 тил сертификати ва касбий малака талаб қилинади, бу эса вилоятлардан бораётган аксарият ёшлар учун жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда;
5–7 фоизлик қамров: Экспертга кўра, янги муқобил йўналишлар йиллик меҳнат оқимининг атиги 5–7 фоизини қамраб олиши мумкин, асосий оқим эса барибир анъанавий бозорда қолишга мажбур.
Россия бозори: Рақамлар ва томонларнинг ўрни
Ҳисоботда келтирилишича, ҳозирги кунда ташқи меҳнат миграцияси кўрсаткичларида Россия йўналиши ҳали ҳам асосий улушни эгаллаб турибди:
Молиявий оқим: Меҳнат мигрантлари томонидан Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмаларининг 70 фоиздан ортиғи айнан Россия ҳиссасига тўғри келмоқда;
Бўш иш ўринлари: Хориждаги мавжуд бўш иш ўринлари таклифининг қарийб 85 фоизи Россия корхоналари томонидан берилмоқда;
Москванинг танлов имконияти: Эксперт фикрича, Россия бозори ҳам автоматлаштириш (роботлаштириш) ва бошқа давлатлардан (Ҳиндистон ва ҳ.к.) ишчи кучи жалб қилиш орқали муқобил йўлларни кўриб чиқмоқда, шу боис мигрантларнинг рақобатбардошлиги муҳим омилга айланади.
Эксперт таклифлари ва сиёсий талаблар
Никита Мендкович Ўзбекистон томонидан Россия бозорида ўз ўрнини сақлаб қолиш учун мактабларда рус тилини чуқурлаштириб ўқитиш, қонунчилик курсларини ташкил этиш ва интеграция жараёнларини тезлаштириш (хусусан, ЕОИИга аъзо бўлиш) кераклигини илгари сурган.
Бироқ экспертнинг бундай бир томонлама ва қатъий позицияси ижтимоий тармоқларда мамлакатнинг миллий манфаатлари ва иқтисодий мустақиллиги нуқтаи назаридан кўплаб мунозараларга сабаб бўлмоқда. Иқтисодчилар бундай таҳдидли хулосаларга қарамай, Ўзбекистон ички саноатни ривожлантириш, касб-ҳунар таълимини модернизация қилиш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш орқали ўз муаммоларини мустақил ҳал этиш салоҳиятига эга эканини таъкидламоқдалар.































Изоҳлар 0
…