Дунё аҳолисининг ярмидан кўпи яшайдиган етти давлат маълум бўлди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- БМТ маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 4 миллиарддан ортиқ қисми ёки 51,2 фоизи Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Индонезия, Покистон, Нигерия ва Бразилия каби етти давлатда истиқомат қилади.
- Аҳоли сони бўйича 1,48 миллиард киши билан Ҳиндистон биринчи ўринни эгаллаб, 1,41 миллиард аҳолига эга Хитойни ортда қолдирди.
Бугунги кунда дунё аҳолиси сони мамлакатлар кесимида бир хил тақсимланмаган. Айрим давлатларда аҳоли сони жадал суръатларда ортиб бораётган бўлса, бошқаларида, аксинча, камайиш тенденцияси кузатилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) маълумотлари асосида тайёрланган янги ҳисоботда сайёрамиз аҳолисининг катта қисми жамланган етти давлат номи маълум қилинди. Қизиғи, Ер юзидаги ҳар икки кишидан бирига яқини айнан шу мамлакатларда истиқомат қилади.
БМТ маълумотлари асосида DataReportal томонидан эълон қилинган ҳисоб-китобларга кўра, дунё аҳолисининг 4 миллиарддан ортиқ қисми атиги етти мамлакат ҳудудида яшайди. Ушбу кўрсаткич мазкур давлатларнинг жаҳон демографик манзарасида қанчалик катта ўрин эгаллашини яққол намоён этади.
Аҳоли сони бўйича тузилган рейтингда биринчи ўринни Ҳиндистон банд этган. Мамлакатда қарийб 1,48 миллиард киши истиқомат қилади. Иккинчи поғонадан эса 1,41 миллиард аҳолига эга Хитой жой олган. Шу тариқа, дунёнинг энг кўп аҳоли яшайдиган ушбу икки Осиё давлати ҳиссасига жаҳон аҳолисининг қарийб 35 фоизи тўғри келади.
Рейтингнинг учинчи ўрнида 349 миллион аҳоли билан Америка Қўшма Штатлари қайд этилган. Кейинги поғоналарни Индонезия ва Покистон эгаллаган бўлиб, уларда мос равишда 288 миллион ва 260 миллион киши яшайди.
Африка қитъасининг энг кўп аҳолига эга давлати ҳисобланган Нигерия 243 миллион аҳоли билан олтинчи ўриндан жой олган. Еттилик рўйхатини эса 213 миллион аҳолига эга Бразилия якунлаган.
Шундай қилиб, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Индонезия, Покистон, Нигерия ва Бразилияда жами Ер юзи аҳолисининг тахминан 51,2 фоизи истиқомат қилади. Бошқача айтганда, дунё аҳолисининг ярмидан кўпроғи бор-йўғи етти мамлакат ҳудудида жамланган.

БМТ ҳисоб-китоблари асосида шакллантирилган DataReportal Digital 2026 Global Overview Report ҳисоботига мувофиқ, 2025 йил октябрь ойида жаҳон аҳолиси сони тахминан 8,25 миллиард кишига етган. Ҳисоботда, шунингдек, Ҳиндистон аҳоли сони бўйича Хитойни ортда қолдириб, дунёнинг энг кўп аҳолига эга давлатига айлангани ҳам алоҳида қайд этилган.
Бироқ мазкур етти мамлакатда демографик жараёнлар бир хил кечмаяпти. Хусусан, Ҳиндистон, Покистон ва Нигерияда аҳоли сони ўсишда давом этаётган бўлса, Хитойда бу борада тескари ҳолат, яъни аҳоли сонининг қисқариши кузатилмоқда.
DataReportal маълумотларига кўра, 2025 йил октябригача бўлган бир йил давомида Хитой аҳолиси қарийб 3,25 миллион кишига камайган. Ҳиндистонда эса бу даврда аҳоли сони деярли 12,9 миллион кишига ошган. Бу эса икки энг йирик аҳолига эга мамлакат ўртасидаги демографик фарқ тобора яққол намоён бўлаётганини кўрсатади.
Умуман олганда, келтирилган рақамлар дунё аҳолисининг мамлакатлар бўйича нотекис тақсимланганини, шунингдек, турли минтақаларда демографик ўзгаришлар бир-биридан фарқ қилишини тасдиқлайди. Айрим давлатларда аҳоли сонининг тез ўсиши кузатилса, бошқаларида камайиш жараёни давом этмоқда. Бу ҳолат эса келгуси йилларда жаҳон аҳолисининг географик тақсимоти ва демографик манзарасида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…