date

Каспий соҳилида 191 та тюлень ўлими сирли қолмоқда

Каспий соҳилида 191 та тюлень ўлими сирли қолмоқда

Каспий денгизи соҳилида яна бир экологик фожеа қайд этилди. Манғистов вилоятининг Тупқараған тумани ҳудудида жами 191 дона ўлик тюлень жасади топилди. Бу ҳолат минтақада жиддий хавотир уйғотиб, экологлар ва мутахассислар эътиборини тортди. Бу ҳақда “Lada.kz” минтақавий ахборот портали маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, дастлабки тахминлар ўлим сабабини сўнгги кунларда кузатилган кучли шамоллар билан боғламоқда. Хусусан, шимоли-ғарбий йўналишдан эсган шамол оқибатида тюленьлар қирғоққа чиқиб қолган ва табиий шароитга мослаша олмаган ҳолда нобуд бўлган бўлиши мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан Манғистов вилояти балиқчилик инспекцияси раҳбари Қонарбай Бозорбоев изоҳ бериб, воқеа сабаблари ҳали тўлиқ ўрганилаётганини таъкидлади.

Айни пайтда мутасадди ташкилотлар томонидан кенг кўламли текширув ишлари бошлаб юборилган. Экология департаменти мутахассислари ҳудуддан сув ва тупроқ намуналарини олиб, атроф-муҳитдаги эҳтимолий ўзгаришларни таҳлил қилмоқда.

Шунингдек, Гидробиология ва экология институти олимлари ҳам илмий тадқиқотларга жалб этилган. Улар тюленьларнинг ички аъзолари, тишлари ва бошқа биологик намуналарини ўрганиб, ўлим сабабларини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Мутахассислар фикрича, бундай оммавий нобуд бўлиш ҳолатлари фақатгина об-ҳаво омиллари билан эмас, балки сув ифлосланиши, озиқ занжиридаги муаммолар ёки касалликлар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳозирча ҳодисанинг аниқ сабаблари бўйича якуний хулоса берилмаган. Текширув натижалари эса яқин кунларда эълон қилиниши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Каспий соҳилида 191 та тюлень ўлими сирли қолмоқда