Ғазода 300 жуфтлик иштирокида йирик оммавий тўй ўтказилди

24 апрель куни Ғазо сектори марказида 300 жуфтлик иштирокида кенг кўламли оммавий никоҳ маросими ташкил этилди. Мазкур тадбир Al Jazeera хабарига кўра, Бирлашган Араб Амирликлари кўмагида ўтказилган.
Маълум қилинишича, бу Ғазодаги энг йирик жамоавий тўйлардан бири бўлиб, унда минглаб меҳмонлар, жумладан, оилалар, жамоат етакчилари ҳамда маҳаллий ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган. Ташкилотчилар ҳисобига кўра, маросимда қарийб 20 минг киши қатнашган.
Ушбу ташаббус БАА томонидан амалга оширилаётган “Галлант Книгҳт 3” инсонпарварлик операцияси доирасида, “Жой Дресс 2” шиори остида йўлга қўйилган. Дастурдан кўзланган асосий мақсад — турмуш қуриш арафасида молиявий қийинчиликларга дуч келаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга янги ҳаётни бошлашда амалий ёрдам беришдан иборат.
Қайд этилишича, жуфтликлар минглаб номзодлар орасидан саралаб олинган. Танлов жараёнида илгари турмуш қурмаган, ижтимоий ҳолати ва даромад даражаси белгиланган мезонларга мос келадиган Ғазо аҳолиси устувор равишда танланган.
Лойиҳа доирасида нафақат тўй маросими ташкил этилган, балки янги оилаларга моддий ва молиявий кўмак ҳам кўрсатилган. Жумладан, тўй харажатлари қоплаб берилган, шунингдек, уларнинг дастлабки рўзғор эҳтиёжлари учун зарур воситалар тақдим этилган.
Байрамона тадбир анъанавий ва расмий унсурлар уйғунлигида ўтган. Унда Қуръон тиловати янграб, никоҳлар расман эълон қилинган, шунингдек, фаластинликларнинг миллий “дабке” рақси ижро этилиб, иштирокчиларга унутилмас кайфият улашилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!