23 ёшли Меҳрона Ноибованинг ўлими юзасидан прокуратура ходими ҳибсга олинди

Тожикистон Бош прокуратураси 23 ёшли Душанбе шаҳрида яшовчи Меҳрона Ноибованинг ўлими билан боғлиқ иш юзасидан илк бор расмий изоҳ бериб, тергов доирасида ушбу идоранинг бир нафар ходими қўлга олинганини маълум қилди.
Бош прокурор Ҳабибулло Воҳидзода матбуот анжуманида сўзга чиқиб, Фируз Саидзода ҳибсга олингани ва ҳозирда қамоқда сақланаётганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ҳодиса содир бўлган куни Саидзода шахсий ишлари билан йўлга чиққан ва сафар давомида Давлат Арабзоданинг ҳайдовчилик хизматидан фойдаланган.
Шунингдек, Воҳидзода аввалроқ оммавий ахборот воситаларида номи тилга олинган Давлат Арабзода ушбу воқеага алоқадор эмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, Арабзода фақат ҳайдовчи сифатида иштирок этган.
Меҳрона Ноибованинг ўлими ҳақидаги иш унинг жасади 7 апрель куни Дарвоз туманидаги Панж дарёси соҳилидан топилганидан сўнг кенг жамоатчилик эътиборини тортган эди.
Маълумотларга кўра, Меҳрона 3 апрель куни дўстлари, жумладан, Бош прокуратуранинг икки нафар ходими билан бирга Дарвоз туманидаги «Чорчаман» дам олиш масканига борган. У 4 апрель тонгида бедарак йўқолган.
Аввалроқ эълон қилинган маълумотларга кўра, гувоҳлар терговчиларга Меҳрона дарё соҳилида бўлган вақтда сувга тушиб кетганини айтган. Бироқ марҳуманинг яқинлари ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги расмий талқинга ишонмасликларини билдириб, воқеани холисона тергов қилишни талаб қилиб келмоқда.
Бош прокурор Ҳабибулло Воҳидзода ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этаётганини ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ишнинг барча ҳолатларини ҳар томонлама ўрганаётганини маълум қилди.






























Изоҳлар 0
…