Ҳуррият Исроилова Юлдуз Усмонова ва Озода Нурсаидованинг қандай талаба бўлгани ҳақида айтди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳуррият Исроилова «Омон-омон» кўрсатувида меҳмон бўлиб, шогирдлари — Юлдуз Усмонова ва Озода Нурсаидованинг талабалик йиллари ҳақида хотиралари билан ўртоқлашди.
Унинг айтишича, консерваториянинг анъанавий ижрочилик бўлимида аввал Юлдуз Усмонова, бир-икки йилдан сўнг эса Озода Нурсаидова таҳсил олган. Уларнинг муомаласи ва ўзини тутишидан келажакда машҳур санъаткор бўлиши сезилиб турган. Ҳар иккаласи ҳам яхши талаба бўлишган. Ўша пайтлари Юлдузхон ҳам, Озодахон ҳам тўйларга боришган, яхши ижод қилишган. Бироқ ҳар иккиси ҳам жуда чўрткесар бўлгани учун уларга тез-тез «тилни тийиш керак», деб насиҳат берган.
Ҳуррият Исроилованинг таъкидлашича, айниқса Озода Нурсаидовага катталарни ҳурмат қилиш ва санъати билан ўз ўрнини топиш ҳақида кўп бор маслаҳат берган. Унинг фикрича, биз санъатга кириб келган вақтларимиз бунақа рақобат, кўролмаслик деган нарсалар бўлмасди. 90-йиллардан кейин санъат оламида рақобат, бир-бирини кўролмаслик ва оёқдан чалиш ҳолатлари кўпайган.
Баъзида Озода дарсга келмай қолганида жаҳлим чиқиб: «Озода эмас, Нурсаид, қаердасан?» деб танбеҳ берардим. У эса ҳар доим: «Ҳозир, йўлдаман», дерди, аммо барибир дарсга кечикиб келарди. Беш-олти соатлик машғулот тугаётган пайтда кириб келиб: «Жон Ҳуррият опа, айланай, тўйда эдим, ушланиб қолдим», деб узр сўрарди.
«Юлдузхонни ҳам, Озодахонни ҳам ўз синглимдек яхши кўрганман. Улар ҳам мени ҳурмат қилишган. Инсоннинг ҳурмати ва обрўси, аввало, унинг муомаласига боғлиқ», — дея сўзини якунлади санъаткор.






























Изоҳлар 0
…