Ер остидаги топилма: асрлар сирини сақлаган узук

Ер остидаги топилма: асрлар сирини сақлаган узук

Металл изловчи ҳаваскор томонидан топилган XVI асрга оид ноёб олмосли узук аукционда катта қизиқиш уйғотиши кутилмоқда. Мутахассислар ушбу тарихий топилма 15 минг фунт стерлингдан 20 минг фунт стерлинггача баҳоланиши мумкинлигини маълум қилди. Узук 23 июнь куни Лондондаги машҳур аукцион савдоларида сотувга қўйилади.

Топилмани аниқлаган Стюартнинг айтишича, у узоқ давом этган етти соатлик қидирувнинг сўнгги паллаларида ер орасидан ушбу ноёб буюмни топган. Унинг сўзларига кўра, узукни қўлига олган пайтда ҳис-туйғуларини яшира олмаган.

«Узукни топганимда қувончдан ҳайратга тушдим. Бундай кашфиётни орзу қилардим, аммо унинг аҳамияти шунчалик юқори бўлишини тасаввур ҳам қилмагандим. Бу менинг бутун ҳаётимдаги энг яхши топилмам. Уни бемалол “умримда бир марта учрайдиган топилма” деб аташим мумкин», — дейди у.

Қизиқ жиҳати шундаки, узук тупроқ орасидан чиқарилганда ундаги олмослардан бири ажралиб, Стюартнинг қўлига тушиб кетган. Яна бир қимматбаҳо тош эса йўқолгани маълум бўлган. Шундан сўнг у топилма чиққан жойдаги тупроқни йиғиб, ювиб ва элакдан ўтказиб чиққан. Натижада йўқолган олмос ҳам топилган.

Маълум қилинишича, аукциондан тушадиган маблағ топилма аниқланган ер эгаси ва топувчи ўртасида тенг тақсимланади. Узук эса экспертиза учун Британия музейи мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилган.

Noonans аукцион уйининг заргарлик буюмлари бўйича мутахассиси Лаура Смитнинг таъкидлашича, XVII аср бошларида барокко услубида яратилган йирик ва кўзга ташланувчи узуклар жуда машҳур бўлган. Унинг фикрича, мазкур узукнинг гул шаклидаги қисми саккизта ноёб «hogback» туридаги олмослардан ташкил топган бўлиб, бундай намуналар жуда кам учрайди.

Мутахассислар мазкур топилмани нафақат қимматбаҳо заргарлик буюми, балки ўз даврининг тарихий ва маданий меросини акс эттирувчи ноёб артефакт сифатида баҳоламоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар