Машҳур модель ва блогер 2 ёшли қизига саратон ташхиси қўйилганини маълум қилди

Машҳур блогер Нара Смит 2 ёшли қизи Уимси Лу (Whimsy Lou)га саратон ташхиси қўйилганини маълум қилди. Бу ҳақда у Instagram саҳифасида эълон қилинган видеоси орқали мухлисларига маълум қилди.
24 ёшли блогернинг айтишича, ушбу ташхис қизи учун ўтган йил охирида қўйилган. Унинг сўзларига кўра, ҳаммаси қизчасининг танасида шубҳали белгини пайқашганидан кейин бошланган. Нара ва турмуш ўртоғи, модель Лаки Блу Смит фарзандини дастлаб шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб борган, бироқ у ерда шифокорлар аниқ хулоса чиқара олмаган.
Кейинчалик педиатр кўригидан сўнг уларга зудлик билан болалар шифохонасига мурожаат қилиш тавсия этилган. Наранинг таъкидлашича, айнан ўша пайтда қизида саратон бўлиши мумкинлиги ҳақида илк бор ўйлаган.
Кўплаб рентген, ультратовуш текширувлари ва биопсиядан кейин шифокорлар Уимси Луга саратон ташхиси қўйилганини ҳамда касаллик организмнинг бошқа қисмларига ҳам тарқалганини маълум қилган. Шу боис унга дарҳол кимётерапия муолажаларини бошлаш тавсия этилган.
Блогернинг сўзларига кўра, бу жараён бутун оила учун жуда оғир кечган. Шу билан бирга, улар бошқа фарзандлари — Рамбл Ҳани, Слим Изи ва Фауни Голденга ҳам меҳр ва эътибор беришга ҳаракат қилган. Лаки Блу Смитнинг аввалги муносабатидан туғилган Гравити исмли қизи ҳам бор.
Нара Смит охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда камроқ фаол бўлганининг сабабини ҳам шу воқеа билан изоҳлади. У мазкур ҳикояни бошқа оилалар ўз фарзандларидаги шубҳали белгиларни эътиборсиз қолдирмаслиги ва вақтида шифокорга мурожаат қилиши учун баҳам кўрганини айтди.
Шунингдек, блогер фарзандининг даволаниш жараёнида ёрдам берган барча шифокорлар ва ҳамшираларга миннатдорлик билдириб, уларнинг меҳнатини юксак баҳолади.






























Изоҳлар 0
…