Ерни кучли магнит бўрони қамраб олди: олимлар огоҳлантирмоқда

Ер сайёрасида G3.33 даражасидаги кучли магнит бўрони кузатилмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, бу 2026 йил бошидан буён қайд этилган иккинчи энг кучли геомагнит ҳодиса бўлиб, у Қуёшдаги фаолликнинг кескин кучайиши билан боғлиқ.
Россия Фанлар академияси Коинот тадқиқотлари институти ҳузуридаги Қуёш астрономияси лабораторияси маълумотига кўра, магнит бўрони аввалги прогнозларга нисбатан қарийб бир сутка кечроқ бошланган.
Олимларнинг қайд этишича, Ер магнит майдони сўнгги 24 соат давомида Қуёшдан отилган плазма оқимлари таъсири остида бўлган. Ушбу оқимларнинг биринчи тўлқини 3 июль куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 16:00 да Ерга етиб келган.
Ҳал қилувчи ўзгариш эса 4 июлга ўтар кечаси кузатилган. Айнан шу вақтда Қуёш шамолининг тезлиги кескин ошиб, сайёралараро магнит майдони йўналиши ўзгарган. Шунинг натижасида G3.33 даражасидаги кучли геомагнит бўрон юзага келган.
Мутахассислар эслатишича, Қуёш чақнашлари рентген нурланишининг қувватига қараб A, B, C, M ва X синфларига ажратилади. Ана шундай кучли геомагнит бўронлар айрим ҳолатларда электр тармоқлари ва алоқа тизимлари ишида узилишларни келтириб чиқариши, қушлар ҳамда айрим ҳайвонларнинг миграция йўналишларига таъсир ўтказиши мумкин.
Шунингдек, бундай геомагнит фаоллик даврида қутб ёғдулари кузатиладиган ҳудудлар кенгайиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Олимлар Қуёш фаоллигини доимий равишда кузатиб бораётганини ва вазият ривожини назорат қилаётганини маълум қилди.






























Изоҳлар 0
…