45 ёшли чўпон шер чангалидан 30 дақиқадан сўнг тирик чиқди

45 ёшли чўпон шер чангалидан 30 дақиқадан сўнг тирик чиқди

Ҳиндистоннинг Гужарат штатида содир бўлган ноодатий воқеа жамоатчиликни ҳайратга солди. Шер ҳужумига учраган 45 ёшли чўпон қарийб 30 дақиқа давомида йиртқич чангалидан тирик қолишга муваффақ бўлди. Энг қизиғи, у ваҳимага берилмасдан ўзини босиқ тутгани туфайли ҳаётини сақлаб қолган. Бу ҳақда The Times of India хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа Гужарат штатининг Палитана ҳудудида жойлашган Гаражия қишлоғида юз берган. 45 ёшли Калу Пармар эрталаб сигирларини ўтлатиш учун чиққан пайтда тўсатдан шер ҳужумига учраган. Йиртқич уни ерга йиқитиб, танаси устида қарийб ярим соат давомида ушлаб турган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, шер бир неча марта чўпоннинг ҳаракатланишини кузатган, бироқ Калу Пармар саросимага тушмасдан мутлақо жим ётган. Айрим маълумотларда эса у ҳайвонни тинчлантириш мақсадида ҳатто уни силагани ҳам айтилмоқда. Шу вақт давомида атрофдаги одамлар шерни қўрқитиш учун бақириб, унга тошлар отган.

«Мен сигиримни боғлаб, ҳовлида турган эдим. Уйга кириш учун бурилишим билан орқамдан нимадир қаттиқ урилди. Нима бўлганини англашга улгурмай ерга йиқилдим. Бу шер эканини тушунишим учун бир неча сония керак бўлди», — дейди Калу Пармар.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда шернинг ерда ётган чўпонни босиб турганини кўриш мумкин. Кейинчалик маҳаллий аҳоли ва қутқарувчиларнинг ҳаракатлари натижасида эркак қутқариб олинган ва шифохонага етказилган. Унинг танасида турли жароҳатлар аниқланган бўлса-да, шифокорлар унинг ҳаёти хавфдан чиққани ва аҳволи барқарор эканини маълум қилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда мазкур ҳудудда одамлар ва Осиё шерлари ўртасидаги тўқнашувлар сони ошиб бормоқда. Ҳозирда расмий идоралар ушбу ҳодиса юзасидан текширув ишларини давом эттирмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар