38 даража иссиқда машинада қолган икки ёшли қизча вафот этди

АҚШнинг Флорида штатида юракни эзувчи фожиа содир бўлди. Машина ичида қолиб кетган икки ёшли қизалоқ кучли иссиқ таъсирида ҳаётдан кўз юмди. CBS News хабарига кўра, фожиа вақтида бола энагасининг қарамоғида бўлган.
Маълум қилинишича, воқеа Майами шаҳридан тахминан 32 километр шимолда жойлашган Ҳалландейл Бич шаҳрида рўй берган. 5 июль куни соат 13:35 атрофида полиция ходимлари чақирув асосида турар жойлардан бирига етиб борган ва ҳовлида турган минивен (микроавтобус) ичида икки ёшли қизчани аниқлаган.
Ўша куни шаҳарда ҳаво ҳарорати 38 даражагача кўтарилган бўлиб, ёпиқ транспорт воситаси ичидаги ҳарорат бундан ҳам юқори даражага чиққан бўлиши мумкин. Қутқарувчилар болани зудлик билан шифохонага етказган, аммо шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлмаган. Қизчанинг автомобилда аниқ қанча вақт қолиб кетгани ҳозирча маълум эмас.
Полиция маълумотига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокурорлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Тергов давом этаётгани сабабли ҳозирча ҳеч кимга нисбатан расмий айблов эълон қилинмаган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу воқеадан сўнг барча ота-оналар, васийлар ва энагаларга яна бир бор муҳим огоҳлантириш билан мурожаат қилди.
«Бу жуда оғир ва қайғули йўқотиш. Биз боланинг оиласи ҳамда ушбу фожиадан жабр кўрган барча инсонларга ҳамдардлик билдирамиз. Шунингдек, барча ота-оналар, васийлар ва энагаларни яна бир бор огоҳлантирамиз: машинани қулфлаб кетишдан олдин ҳар доим орқа ўриндиқни текширинг», — дейилади полициянинг расмий баёнотида.
KidsAndCars.org нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, бу АҚШда 2026 йил бошидан буён иссиқда машина ичида қолиб кетиши оқибатида ҳалок бўлган камида ўнинчи бола ҳисобланади. 2025 йил давомида эса мамлакат бўйлаб худди шундай бахтсиз ҳодисалар туфайли камида 37 нафар бола ҳаётдан кўз юмган.






























Изоҳлар 0
…