Австралия соҳилидаги сирли металл шарлар қаердан келгани маълум бўлди

Австралия Космик агентлиги (ASA) мамлакатнинг шимолий Қвинсленд соҳилига чиқиб қолган сирли металл шарларнинг эҳтимолий манбасини аниқлаганини маълум қилди. Мутахассислар фикрича, мазкур буюмлар космик ракета парвозида қўлланиладиган босим идишлари бўлиши мумкин.
Сўнгги дам олиш кунлари Таунсвилл шаҳри шимолида жойлашган Форрест-Бич соҳилидан олтита йирик металл шар топилди. Дастлаб уларнинг космик чиқиндилар бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар илгари сурилган эди. Энди эса Австралия Космик агентлиги ушбу буюмларнинг белгилари ва ташқи кўриниши ракета ташувчисининг қисмларига мос келишини билдирди.
Айни пайтда агентлик халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда мазкур ракета қайси давлатга тегишли эканини расман тасдиқлаш устида иш олиб бормоқда.
Қвинсленд ёнғин хизмати топилмалар атрофида 50 метрлик хавфсизлик ҳудуди ташкил этилганини маълум қилди. Маҳаллий аҳолидан шубҳали буюмларга яқинлашмаслик, уларга тегмаслик ва дарҳол фавқулодда хизматларга хабар бериш сўралди.

Интернет фойдаланувчилари орасида шарлар космик аппаратларнинг ёнилғи баклари бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар ҳам тарқалди. Мутахассислар улар ичида ёнувчан ёки хавфли кимёвий моддалар қолган бўлиши эҳтимолини истисно қилмаяпти. Шу боис ҳимоя кийимидаги махсус гуруҳлар шарларни полиция назорати остида хавфли чиқиндилар учун мўлжалланган махсус контейнерларга жойлаштирган.
Форрест-Бичдаги маҳаллий тадбиркор Лиза Скоби бу воқеа тинч ҳудуд аҳолиси учун катта қизиқиш уйғотганини таъкидлади.
Австралия Космик агентлигига кўра, шарларнинг жойлашуви ва хусусиятлари яқинда орбитадан атмосферага қайта кирган хорижий ракета қисмлари билан мос келади.
Бу Австралия соҳилларида биринчи бор кузатилаётган бундай ҳодиса эмас. 2023 йилда Ҳиндистон Ғарбий Австралия соҳилидан топилган улкан металл гумбаз мамлакатнинг PSLV ракета ташувчисига тегишли эканини тасдиқлаган эди. Шунингдек, 2011 йилда Намибияда ҳам шунга ўхшаш металл шар топилган бўлиб, мутахассислар уни учувчисиз ракетага тегишли гидразин ёнилғи баки бўлиши мумкинлигини билдирган.






























Изоҳлар 0
…