14 марта турмушга чиқиб, эркакларни алдаган аёл қўлга олинди

АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида бир неча йил давомида сохта никоҳлар орқали эркакларни алдаб келган 33 ёшли Сзяйин Ченнинг фирибгарлик схемаси фош этилди.
Тергов маълумотларига кўра, аёл 2019–2024 йиллар давомида камида 14 марта турмушга чиққан. У ижтимоий тармоқлар орқали эркаклар билан танишиб, никоҳдан кўп ўтмай Хитойдаги оғир касал қариндошларини даволатиш баҳонасида улардан катта миқдорда пул олган. Маблағни қўлга киритгач эса барча алоқаларни узиб, бедарак йўқолган.
Аниқланишича, Чен аввал етти марта турмуш қурган. 2024 йилда фирибгарликда гумонланиб қўлга олиниб, гаров эвазига озодликка чиққач, Вики Лян номидан яна етти нафар эркак билан никоҳдан ўтишга улгурган.
Жабрланувчилардан бири аёлга қариндошини даволатиш учун 23 минг доллар берганини, орадан икки ҳафта ўтиб эса у ажрашишни талаб қилиб, ғойиб бўлганини айтган. Яна бир эркак эса умумий уй сотиб олиш баҳонасида унга қарийб 30 минг доллар топширган.
Тергов давомида аёл олинган пулларнинг катта қисмини қимор ўйинларига сарфлагани аниқланган. Полиция маълумотига кўра, у казиноларда 300 минг доллардан ортиқ маблағни ютқазган.
Сзяйин Чен фирибгарлик йўли билан 100 минг доллардан ортиқ маблағни қўлга киритганини тан олган. Унга нисбатан ҳукм 20 август куни эълон қилиниши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…