ChatGPT яна танқидлар марказида: WSJ баҳсли маълумотни эълон қилди

ChatGPT яна танқидлар марказида: WSJ баҳсли маълумотни эълон қилди

Американинг нуфузли The Wall Street Journal нашри сунъий интеллект хавфсизлигига оид баҳсли маълумотни эълон қилди. Нашрда айтилишича, айрим фойдаланувчилар ChatGPT орқали биологик қурол ва заҳарлар ҳақида хавфли маълумотларни олишга уринган, баъзи ҳолатларда эса тизим батафсил жавоблар бергани ҳақида экспертлар фикри келтирилган.

Мақолага кўра, OpenAI моделлари янгиланганидан кейин турли фойдаланувчилар биология ва кимёга оид хавфли мавзулар бўйича сўровлар юборган. Экспертлар айрим жавобларнинг техник жиҳатдан аниқ бўлганини таъкидлаган.

Шу билан бирга, OpenAI хавфли сўровлар билан боғлиқ аккаунтлар блокланиши, моделлар доимий равишда қайта ўқитилиши ва хавфсизлик чекловлари кучайтирилаётганини билдирган. Компания вакиллари ҳозирги тизимларда бундай маълумотларни тақдим этмаслик учун қатъий филтрлар жорий этилганини қайд этмоқда.

WSJ’нинг ёзишича, АҚШда сунъий интеллект компанияларини бундай сўровлар бўйича мажбурий равишда ҳисобот беришга ёки уларни автоматик равишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборишга оид ягона федерал қонун ҳозирча мавжуд эмас.

Нашр шунингдек, хавфли маълумотларни излаган айрим фойдаланувчилар бошқа йирик чатботларга ҳам мурожаат қилганини ёзган, аммо улар қандай жавоб олгани ҳақида аниқ маълумот келтирилмаган.

OpenAI, Anthropic ва Google каби компаниялар эса сунъий интеллектдан зарарли мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш учун ҳукуматлар ва мустақил хавфсизлик мутахассислари билан ҳамкорлик қилишаётганини таъкидламоқда.

Мутахассислар фикрича, сунъий интеллект технологиялари тез ривожланаётгани сабабли хавфсизлик масаласи глобал даражадаги асосий муҳокама мавзуларидан бирига айланиб бормоқда. Шу боис йирик технологик компаниялар моделларнинг ҳимоя механизмларини мунтазам равишда кучайтириш устида иш олиб бораётганини билдирмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар