Буйракда тош пайдо бўлишини кучайтирувчи бешта хавфли маҳсулот

Буйрак тошлари — буйрак ичида минераллар ва тузлар тўпланиши натижасида ҳосил бўладиган қаттиқ массалар бўлиб, инсонга кучли оғриқ ва жиддий ноқулайлик келтириб чиқаради. Агар бу ҳолат ўз вақтида даволанмаса, пешоб ажралиши билан боғлиқ муаммолар келиб чиқиши ва ҳатто буйраклар фаолиятига зарар етказиши мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, нотўғри овқатланиш, кам суюқлик истеъмол қилиш, ортиқча вазн, айрим дори воситалари ҳамда озиқ-овқат қўшимчалари буйракда тош ҳосил бўлиши хавфини оширади. Бироқ соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва айрим маҳсулотларни чеклаш орқали ушбу хавфни сезиларли даражада камайтириш мумкин. Агар илгари буйракда тош кузатилган бўлса, унинг турини аниқлаб, рационни шунга мос равишда ўзгартириш янада самарали натижа беради.
Ҳайвон оқсили
Организм учун оқсил зарур бўлса-да, мол гўшти, товуқ, балиқ ва тухум каби ҳайвон оқсилларини ортиқча истеъмол қилиш пешоб кислотаси миқдорининг ортишига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса айрим турдаги буйрак тошлари пайдо бўлиш хавфини оширади. Шу боис мутахассислар ҳайвон оқсилининг бир қисмини дуккаклилар, соя маҳсулотлари ва ёнғоқлар каби ўсимлик манбасидаги оқсиллар билан алмаштиришни тавсия этади.
Натрийга бой маҳсулотлар
Туз ва натрий миқдори юқори бўлган маҳсулотлар пешоб таркибида кальций миқдорини оширади. Бу эса кальций оксалат ва кальций фосфат тошлари ҳосил бўлиш эҳтимолини кучайтиради. Шунинг учун фастфудлар, консервалар, қайта ишланган гўшт маҳсулотлари ҳамда таркибида туз кўп бўлган зираворларни камайтириш лозим. Уларнинг ўрнига табиий кўкатлар ва енгил зираворлардан фойдаланиш тавсия этилади.
Шакар қўшимчаси
Тозаланган шакар ва турли ширинлаштирувчилар нафақат буйракда тош пайдо бўлиш хавфини, балки юрак-қон томир касалликлари ҳамда бошқа жиддий хасталиклар эҳтимолини ҳам оширади. Айниқса, шакарли газли ичимликлар ва сироп қўшилган маҳсулотлар пешобда кальций миқдорини кўпайтириб, унинг ҳажмини камайтиради. Шу сабабли рациондан қўшимча шакар сақловчи маҳсулотларни имкони қадар чиқариш тавсия қилинади.
Оксалатларга бой маҳсулотлар
Оксалат миқдори юқори бўлган маҳсулотларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш ҳам буйрак тошлари хавфини кучайтиради. Бундай маҳсулотлар қаторига исмалоқ, лавлаги, бодом, кешью, бошқа ёнғоқлар, айрим ёрмалар, ҳолва ва конфетлар киради. Бироқ мутахассислар уларни таркибида кальций мавжуд маҳсулотлар билан бирга истеъмол қилиш организмга оксалатни яхши ўзлаштирмасликка ёрдам беришини ва буйракда тош ҳосил бўлиш эҳтимолини пасайтиришини таъкидлайди.
Спиртли ичимликлар
Спиртли ичимликлар диуретик хусусиятга эга бўлгани учун организмни сувсизлантириши мумкин. Бу эса буйракда тош пайдо бўлиши учун қулай шароит яратади. Шунингдек, спиртли ичимликлар пуринлар ишлаб чиқарилишини кучайтиради, натижада қон ва пешобда пешоб кислотаси даражаси ортади. Ортиқча пешоб кислотаси эса буйрак тошлари шаклланишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, спиртли ичимликлар организмни фақат «бўш калориялар» билан таъминлаб, ортиқча вазн тўпланишига ҳам сабаб бўлади. Шунинг учун мутахассислар буйрак саломатлигини сақлаш, метаболизмни яхшилаш ва тошлар пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида кун давомида етарли миқдорда тоза сув ичишни тавсия қилади.






























Изоҳлар 0
…