Британиялик аёлда қизининг тўйидан кейин ноёб юрак синдроми аниқланди

Британияда яшовчи 65 ёшли аёл қизининг тўйи ортидан кутилмаган ҳолда шифохонага ётқизилди. Дастлаб шифокорлар унда кенг қамровли инфаркт ривожланган деб гумон қилган бўлса-да, қўшимча текширувлар натижасида унинг аҳволига кам учрайдиган “бахтли юрак синдроми” сабаб бўлгани маълум бўлди. Бу ҳақда Oxford Medical Case Reports нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, аёл тиббиёт муассасасига кўкрак қафасида кучли оғриқ ва ҳансираш каби инфарктга хос аломатлар билан мурожаат қилган. Бироқ магнит-резонанс томографияси (МРТ) текширувидан сўнг шифокорлар беморда такоцубо синдромининг ноёб шакли, яъни стрессли кардиомиопатиянинг “бахтли юрак синдроми” деб аталадиган тури ривожланганини аниқлаган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, одатда кучли қайғу ёки руҳий зарба ортидан кузатиладиган “синган юрак синдроми” анча кенг тарқалган. Аммо “бахтли юрак синдроми” аксинча, инсон ҳаётидаги жуда қувончли ва кучли ижобий ҳис-туйғулар, жумладан фарзанд тўйи, катта ютуқ ёки узоқ кутилган воқеалардан кейин ҳам юзага келиши мумкин.
Бундай ҳолатда стресс гормонларининг кескин кўпайиши юрак мушаклари фаолиятини вақтинча издан чиқаради. Шу боис касаллик белгилари инфаркт аломатларига жуда ўхшаш бўлади: кўкрак қафасида оғриқ, нафас қисиши, шунингдек, қон таҳлилларида ҳам муайян ўзгаришлар кузатилади. Шу сабабли қўшимча текширувларсиз аниқ ташхис қўйиш осон эмас.
Шифокорлар беморга зарур дори воситаларини буюрганидан сўнг унинг юрак фаолияти тўлиқ тикланган. Ҳозирги кунда аёл соғлиғини қайта тиклаб, одатий ҳаёт тарзига қайтгани маълум қилинди.






























Изоҳлар 0
…