Зебо Раҳимова 70 минг долларни саёҳатга сарфлаганини очиқлади

Ёш актриса ва вайнер Зебо Раҳимова YouTube’даги “Интервью TV” лойиҳасидаги суҳбатида шахсий ҳаёти, ижодий фаолияти ва катта муваффақиятга олиб келган йўли ҳақида очиқчасига сўзлаб берди. У дастлабки 200 минг сўмлик гонорардан бошлаб, бугунги кунда йирик брендлар билан миллионлаб долларлик ҳамкорликларгача етиб келганини маълум қилди.
Зебонинг айтишича, унинг ҳақиқий исми Зебинисо бўлиб, исм қўйилиши билан боғлиқ қизиқ воқеа сабаб оиласида ҳалигача эслаб юриладиган хотиралардан бирига айланган.

Блогер тан олишича, болалигидан актриса бўлишни орзу қилган. Бироқ ота-онаси бу касбга қарши чиққан. Шу боис уларни кўндириш учун аввал журналист ва бошловчи бўлиш истагини билдирган. Кейинчалик эса актёрлик мактабига қадам қўйиб, орзуси сари илк қадамни ташлаган.
Зебо Раҳимова илк катта экран тажрибасини «Фолбин» сериали орқали бошлаган. Қизиғи, 42 қисмли ушбу сериал учун у бир сўм ҳам ҳақ олмаган. Аммо айнан шу лойиҳа унинг танилишига ва кейинги таклифларга эшик очган.

Актрисанинг таъкидлашича, дастлаб теленовеллалардаги роллари учун 200 минг сўм гонорар олган. Кейин бу маблағ босқичма-босқич ошиб борган. Кейинчалик ижтимоий тармоқлардаги рекламалардан даромад топишни бошлаган ва вақт ўтиши билан халқаро брендлар билан ҳамкорлик қилиш даражасига чиққан.
Унинг сўзларига кўра, энг йирик келишувларидан бири қурилиш компанияси билан тузилган бўлиб, ҳамкорлик натижасида уйлар эвазига шартнома амалга оширилган.
Зебо Раҳимова блогерлик фаолиятини 2022 йилда бошлаганини айтди. Шу вақтдан буён у ижодий ҳамкори Умид билан бирга турли контентлар тайёрлаб, миллионлаб кузатувчилар меҳрини қозонган.
Инстаблогер саёҳатга алоҳида меҳр қўйишини ҳам яширмади. Унинг маълум қилишича, шу кунга қадар 28 мамлакатга сафар қилинган ва бу саёҳатларга умумий ҳисобда қарийб 70 минг доллар сарфланган.

«Бу маблағга бир нечта автомобиль сотиб олиш ёки ўнлаб тўйлар ўтказиш мумкин эди. Аммо мен учун энг катта бойлик — саёҳатлар орқали орттирилган тажриба ва хотиралар», — деди Зебо Раҳимова.
Блогернинг фикрича, инсоннинг энг катта сармояси — бу ўз устида ишлаш, орзуларидан воз кечмаслик ва ҳаётдан унутилмас хотиралар йиғишдир.






























Изоҳлар 0
…