48 йилдан сўнг қабри топилган қиз ким экани аниқланди

Қарийб ярим аср давомида шахси номаълум бўлиб келган ўсмир қиз ҳақидаги қотиллик ишида муҳим бурилиш юз берди. АҚШнинг Калифорния штатидаги Керн округи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари 48 йил аввал узумзордан топилган жасад 15 ёшли Мишель Луиза Колльерга тегишли эканини расман маълум қилди.
Маълум қилинишича, Мишель Луиза Колльер 1978 йилнинг февраль ойида сўнгги марта Фресно шаҳрида кўрилган. Орадан бир неча ой ўтиб, ўша йилнинг июнь ойида Арвин шаҳри яқинидаги узумзорда трактор ҳайдовчиси ерга сайёз кўмилган жасадни топган. Шундан сўнг қотиллик бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлса-да, марҳуманинг шахси узоқ йиллар давомида аниқланмай қолган.
Керн округи Шериф бошқармаси маълумотига кўра, 1978 йилда жасад топилган пайтда ҳозирги каби ДНК технологиялари мавжуд эмас эди. Ўша даврда шахсни аниқлаш асосан бармоқ излари ва стоматологик маълумотлар орқали амалга оширилган. Бироқ мавжуд далиллар терговчиларга жабрланувчининг кимлигини аниқлаш имконини бермаган.
Шу тариқа ушбу совуқ изли жиноят иши қарийб 48 йил давомида очилмасдан қолди. Фақат замонавий ДНК таҳлили ва генетик технологиялар тараққиёти туфайли терговда янги босқич бошланди.
Маълумотларга кўра, 2007 йилда коронер ходимлари 1978 йилда жасаддан ДНК намунаси олинмаганини аниқлаган. Шундан сўнг жасад қайта эксгумация қилиниб, биологик намуна олинди ва тегишли маълумотлар махсус генетик базага киритилди. Аммо дастлаб бу ҳам натижа бермади.
Терговдаги ҳал қилувчи бурилиш эса Колльер оиласи аъзоларидан бири тижорат генеалогик маълумотлар базасига ўз ДНК маълумотларини тақдим этгач юз берди. Айнан шу маълумот терговчиларга қариндошлик алоқасини аниқлаш ва жабрланувчининг шахсини тасдиқлаш имконини берди.
Матбуот анжуманида сўзга чиққан марҳуманинг қариндоши Синтия Данбар бу хабар оила учун жуда оғир, бироқ муҳим воқеа бўлганини айтди.
«Азиз синглимиз Шелли, сен бундай тарзда ҳаётдан кетишга лойиқ эмас эдинг. Сен атиги 15 ёшли, олдинда бутун умри турган бола эдинг. Сени ҳимоя қила олмаганимиз учун кечир», деди у ҳис-туйғуларини яшира олмасдан.
Оила аъзолари марҳуманинг қотилига ҳам мурожаат қилди. Улар бу жиноят бутун оила ҳаётига чуқур таъсир кўрсатганини таъкидлаб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар барибир айбдор шахсни аниқлашини билдирди.
«Сенинг қўрқоқона қилмишинг бутун оиламиз тақдирига таъсир қилди. Аммо шубҳа қилма — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар сени топади ва жавобгарликка тортади. Ҳозир қамоқда бўлсанг ҳам, ҳаётда бўлмасанг ҳам, барибир аниқланасан», деди Синтия Данбар.
Керн округи Шериф бошқармаси мазкур иш бўйича тергов ҳаракатлари ҳали ҳам давом этаётганини, қотилни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш мақсадида барча имкониятлар ишга солинаётганини маълум қилди. Замонавий ДНК технологиялари орқали очилаётган бундай кўп йиллик жиноят ишлари эса суд-тиббий экспертиза ва криминалистика соҳасидаги ютуқлар яна бир бор қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини намоён этмоқда.






























Изоҳлар 0
…