Францияда эркак уйидаги қутилардан беш чақалоқ жасадини топди

Францияда содир бўлган даҳшатли воқеа жамоатчиликни ларзага солди. Мамлакатнинг тарихий Оранж шаҳрида яшовчи 32 ёшли аёл билан турмуш ўртоғи ўртасидаги жанжал кутилмаган ва мудҳиш ҳолатнинг фош бўлишига сабаб бўлди. Ҳодиса юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари бошланган.
Маълум қилинишича, аёл ва унинг турмуш ўртоғи уйда сақланаётган картон қутиларнинг ичидаги нарсалар ҳақида баҳслашган. Қизиғи шундаки, аёл жанжалдан бир кун аввал уй шароитида соғлом ўғил фарзандни дунёга келтирган эди. Баҳс давомида у қорин қисмида кучли оғриқ сезаётганини айтган ва шундан кейин шифохонага олиб кетилган.
Тергов манбаларига кўра, аёл шифохонага олиб кетилганидан сўнг турмуш ўртоғи уйда қолиб, баҳсга сабаб бўлган картон қутиларни очиб кўрган. Шу вақтда у қутилар ичида сақланган беш нафар чақалоқ жасадига дуч келган.
Дастлабки маълумотларга кўра, барча жасадлар анча вақт аввалги бўлиб, улар парчаланиш жараёнида бўлган. Қолдиқлар уйнинг иккинчи қаватида катта полиэтилен халта ичига жойланган бир нечта картон қутиларга солиб қўйилгани аниқланган.
Маҳаллий Le Parisien нашрининг ёзишича, эркак турмуш ўртоғининг ҳомиладорлиги ҳақида фақат яқинда билган. Айтилишича, аёл ундан аввал уч марта ҳомиладор эмаслигини таъкидлаган. Жасадлар топилган халтани эркак шифохонага олиб борган ва тиббиёт муассасаси ходимлари бу ҳақда дарҳол полицияга хабар берган.
Суд-тиббий эксперт хулосасига кўра, топилган қолдиқлар беш нафар чақалоққа тегишли экани тасдиқланган. Энди эса уларнинг ўлим сабаблари ва бошқа муҳим ҳолатларни аниқлаш мақсадида қўшимча суд-тиббий экспертизалар ўтказилиши режалаштирилган.
Карпантра прокуратураси маълум қилишича, эркак терговчиларга турмуш ўртоғининг эҳтимолий ҳомиладорликлари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаганини билдирган. Сўроқдан кейин у қўйиб юборилган.
Айни пайтда аёл шифохонада даволанмоқда. Прокуратура маълумотига кўра, унинг аҳволи сабабли ҳозирча у ҳибсга олинмаган ва расман сўроқ қилинмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур иш бўйича барча ҳолатларни синчиклаб ўрганмоқда.
Маълум бўлишича, ушбу оиланинг яна икки нафар — 8 ва 12 ёшли фарзанди ҳам бор. Воқеадан кейин болаларнинг хавфсизлиги ва манфаатларини таъминлаш мақсадида болаларни ҳимоя қилиш хизмати уларнинг ҳолатини назоратга олган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…