Чемодандан топилган британиялик аёл ўлимида янги сирлар очилди

Грекия пойтахти Афина шаҳрида чемодан ичида топилган 38 ёшли британиялик аёлнинг ўлими халқаро даражадаги терговга сабаб бўлди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари дастлабки маълумотларга кўра, марҳуманинг телефони унинг ўлими яширилганига ишора қилувчи усулда фойдаланилган бўлиши мумкинлигини билдирмоқда.
Маълум қилинишича, Шотландиялик 38 ёшли Элизабет Жейн Росснинг жасади 18 июль куни маҳаллий вақт билан соат тахминан 13:00 ларда Афинанинг Кипсели туманидаги ташландиқ бинода топилган. Уни икки йилдан буён бўш турган Эвелпидон кўчасидаги бино ёнидан ўтаётган бошпанасиз эркак аниқлаган. Айтилишича, у бинодан келаётган ёқимсиз ҳидни сезган ва чемодан ташқарисига чиқиб қолган инсон аъзосини кўриб, дарҳол полицияга хабар берган.
Терговчиларнинг таъкидлашича, Элизабетнинг телефони унинг шахси оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилингунига қадар ишлатилган. Ҳатто уни ҳали тирикдек кўрсатиш мақсадида телефон орқали қисқа матнли хабарлар ҳам юборилгани айтилмоқда.
«Телефондан фойдаланилган. Одамларда у ҳали ҳам тирик деган тасаввур уйғотиш учун хабарлар юборилган. Шу сабабли биз ушбу бинога жиноят содир этилган жой сифатида муносабатдамиз», — деган грек полицияси вакилларидан бири.
Дастлабки маълумотларга кўра, аёлнинг жасади топилган вақтга келиб у тахминан саккиз кун аввал вафот этган бўлган. Воқеадан сўнг маҳаллий Cretalive нашри марҳуманинг икки суратини эълон қилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳодиса жойига етиб келганида, аёлнинг ҳузурида шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат бўлмагани учун уни дарҳол аниқлаш имкони бўлмаган. Кейинчалик унинг бўйи тахминан 163 сантиметр экани, қизғиш сочларини турмаклаб олгани ҳамда Франция университети рамзи туширилган футболка ва қора шорт кийгани маълум қилинди.
Яқин кунларда суд-тиббий экспертиза ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унинг ўлими сабаблари ва бошқа муҳим ҳолатлар аниқланади.
Тергов доирасида Грекия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари Interpol ҳамда АҚШ терговчилари ёрдамини жалб қилди. Душанба куни Интерпол ДНК таҳлиллари натижасида жасад Буюк Британия фуқароси Элизабет Жейн Россга тегишли эканини Грекия полициясига маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Элизабет 29 июнь куни АҚШдан Кипр орқали Грекияга келган. Энди терговчилар унинг ўлимидан аввал мулоқот қилган шахслар билан суҳбатлашмоқда ҳамда унинг сўнгги ҳаракатлари ва йўналишини тиклашга уриняпти.
Ҳозирча ушбу иш бўйича ҳеч ким гумонланувчи сифатида аниқланмаган. Шотландия полицияси эса мазкур ҳолатдан хабардор эканини ва Грекия ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилди.
«Биз Афина шаҳрида шотландиялик аёлнинг вафоти ҳақида хабардормиз. Грекия расмийлари билан яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Шунингдек, унинг Шотландиядаги оиласига зарур ёрдам кўрсатилмоқда», — дейилади полиция баёнотида.
Айни вақтда воқеа юзасидан кенг қамровли тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар барча эҳтимолий версияларни синчиклаб ўрганмоқда.






























Изоҳлар 0
…