Футбол ўйини вақтида яшин урди: 24 ёшли футболчи ҳалок бўлди (видео)

Таиланднинг Сунгай Голок шаҳридаги Сантипҳап стадионида футбол учрашуви вақтида яшин уриши оқибатида 24 ёшли футболчи Софван Авае вафот этди. Ҳодиса 4 август куни Голок ФА Куп турнири доирасидаги ўйин пайтида юз бериб, яна 12 нафар футболчи жароҳат олди. Жабрланганлар шифохонага олиб кетилган ва шифокорлар уларнинг аҳволини назорат қилмоқда.
Таиландда футбол учрашуви давомида юз берган бахтсиз ҳодиса бир футболчининг ҳаётига зомин бўлди. Кучли яшин зарбаси оқибатида 24 ёшли футболчи Софван Аваэ вафот этди, яна 12 нафар ўйинчи турли даражада жароҳат олди. Бу ҳақда The Independent нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, фожиа 4 август куни Таиланднинг Сунгай Голок шаҳрида жойлашган Сантипҳап стадионида маҳаллий Golok FA Cup турнири доирасида ўтказилаётган учрашув вақтида содир бўлган. Кутилмаганда майдонга яшин тушиб, бир нечта футболчига зарба берган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда чақмоқ урилган заҳоти майдонда кучли ёруғлик ва овоз пайдо бўлгани, шундан сўнг ўйинчиларнинг жабрланганларга ёрдам бериш учун югуриб келгани акс этган.
Полиция бошлиғи Тун Сирикҳунтнинг маълум қилишича, шифокорлар Софван Аваэнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун барча зарур чораларни кўрган. Бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, футболчи вафот этган.
Ҳодиса оқибатида яна 12 нафар футболчи шифохонага олиб кетилган. Улар орасида Малайзия фуқароси ҳам борлиги айтилмоқда. Шифокорлар уларнинг аҳволини назоратга олган.
Марҳум Софван Аваэ SAMCOLTS жамоасида қанот ҳужумчиси сифатида тўп сурган ва яқинда Таиланднинг Яла клуби билан шартнома имзолаган эди.
Яла клуби расмий баёнот бериб, футболчининг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Ҳозирда ҳодиса юзасидан тегишли идоралар томонидан қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.






























Изоҳлар 0
…