Tinder ёшлар аудиториясини сақлаб қолиш учун жонли учрашувларни кенгайтирмоқда

Tinder ёш фойдаланувчилар реал мулоқотга интилаётгани сабабли жонли тадбирлар дастурини ўнлаб янги шаҳарларга кенгайтирмоқда. Match Group бош директори Спенсер Раскоф компаниянинг иккинчи чорагида ойлик фаол фойдаланувчилар 7 фоизга камайганини, бу ўтган чоракдаги 8 фоизлик пасайишдан яхшироқ натижа эканини билдирди.
Сўнгги йилларда ёш авлод вакиллари оний танишув иловаларидан аста-секин узоқлашиб, реал мулоқотга интилаётгани фонида, Tinder хизмати ўзининг жонли тадбирларини ўнлаб янги шаҳарларда жорий этишга киришди. ixbt.com нашрининг хабар беришича, ушбу ўзгаришлар компаниянинг иккинчи чоракдаги молиявий ҳисоботидан сўнг маълум бўлиб, Tinder эгаси ҳисобланган Match Group асосий даромадлар камайганини эълон қилгач, компания акциялари савдодан кейинги вақтда 10 фоиздан зиёдроққа қулаган эди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Шунга қарамай, раҳбарият Tinder фаолиятини қайта тиклаш ҳаракатларидан воз кечмаяпти. Match Group бош директори Спенсер Раскоф иккинчи чоракда ойлик фаол фойдаланувчилар сонининг қисқариши 7 фоизни ташкил этганини, бу ўтган чоракдаги 8 фоизли пасайишга нисбатан бироз яхшироқ натижа эканини таъкидлади. Шунингдек, у илованинг кунлик фаол фойдаланувчилар ўсиши тез орада яна ижобий динамикага қайтишига умид билдирди. Таъкидлаш жоизки, мазкур илова охир уч йилдан ортиқ вақт давомида фойдаланувчилар сонининг ижобий ўсишини қайд этмаган.
Онлайн танишувлар даври ўтиб бормоқдами?
Hinge, ОККупид, ПлентёфФиш каби бошқа танишув платформаларига ҳам эгалик қилувчи Match Group келгусида рақамли танишувлар ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин бўлган даврга тайёргарлик кўрмоқда. Кўплаб таҳлилий ҳисоботларга кўра, Ген З (З авлоди) вакиллари экранлардан узоқлашиб, реал ҳаётдаги мулоқотларни ва жонли таассуротларни афзал кўрмоқдалар. Компаниянинг ички статистикаси ҳам бу тенденцияни тўлиқ тасдиқламоқда.Спенсер Раскоф таҳлилчилар билан мулоқотда 18 дан 29 ёшгача бўлган ёлғиз фойдаланувчиларнинг деярли ярми потенциал яқин кишилар билан айнан реал ҳаётдаги тадбирларда тажриба алмашишни исташини билдирди. Бироқ интернет оламида улғайган авлод учун реал ҳаётга ўтиш ҳали ҳам маълум қийинчиликларни туғдирмоқда. Айнан шунинг учун компания фойдаланувчиларга ортиқча босимсиз, эркин муҳитда жонли мулоқот қилиш имконини берувчи ижтимоий форматларга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Янги тадбирлар формати ва истиқболлар
Жорий йилнинг март ойида Лос-Анжелес шаҳридан бошланган жонли тадбирлар дастури Tinder иловасининг махсус “Эвентс” (Тадбирлар) бўлими орқали йўлга қўйилган эди. Мазкур бўлимда фойдаланувчилар учун боулинг заллари, мусиқий кечалар, кулолчилик дарслари ва бошқа қизиқарли масканларда ўтказиладиган маҳаллий учрашувлар тақдим этилади. Компания маълумотларига кўра, Л.А. шаҳрида яшовчи 18–24 ёшли фаол фойдаланувчиларнинг 71 фоизи ушбу янги бўлим хизматларидан фойдаланган.Бу кўрсаткич ёш фойдаланувчилар орасида реал учрашувларга бўлган талаб ўта юқорилигини кўрсатмоқда. Март ойидан буён платформа доирасида 60 дан ортиқ шундай тадбирлар ташкил этилди. Кенгайтирилаётган бу стратегия келгуси ойларда ўнлаб янги шаҳарларни қамраб олиб, рақамли танишув индустриясида туб бурилиш ясаши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…