Фужи тоғида 7 ёшли бола отаси томонидан 8 cоат ёлғиз қолдирилди

Фужи тоғида  7 ёшли бола отаси томонидан 8 cоат ёлғиз қолдирилди

Японияда 48 ёшли ота 7 ёшли ўғлини мамлакатдаги энг баланд Фужи тоғида ёлғиз қолдириб, катта ўғли билан ҳайкингни давом эттирган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, кичик бола чарчаганидан шикоят қилгач, ота уни ичимлик ва егулик билан қолдирган ва ўзи тоғ бўйлаб юқорига кўтарилишда давом этган. 20 август куни 7 ёшли бола туманли ва ёмғирли об-ҳавода, 2000 метрдан баланд ҳудуддаги скамейкада ёлғиз ўтирган ҳолда топилган.

Тоғдаги бошпана ходимлари болани чўққига олиб борувчи йўлнинг олтинчи бекати яқинида кўриб қолиб, дарҳол полицияга хабар берган. Ота эса маршрутнинг еттинчи ва саккизинчи бекатлари оралиғида, тахминан уч соатлик пиёда йўл узоқлигида аниқланган. Маълум бўлишича, бола отасини юқори станциядан қайтишини қарийб саккиз соат кутган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар отага бу қарори учун жиддий танбеҳ берган. Улар ҳатто тоғга кўтарилиш режасидан воз кечишга тўғри келган тақдирда ҳам, кичик болани бундай шароитда ёлғиз қолдириш мумкин эмаслигини таъкидлаган.

Ота ўзининг “шошилинч” қарори учун узр сўраган. Оила Фужиномия йўналиши бўйлаб ҳаракатланган бўлиб, мазкур маршрутнинг бешинчи бекатига жамоат транспорти орқали етиб бориш мумкин.

Алпинизм мутахассисларининг айтишича, бешинчи бекатдан Фужи чўққисигача кўтарилиш тахминан беш соат, пастга тушиш эса яна уч соат вақт талаб қилади.

Фужи тоғидаги хавфлар

Баландлиги 3776 метр бўлган Фужи тоғида сўнгги йилларда турли ҳодисалар қайд этилган. Жумладан, июль ойида 99 ёшли аёл тоғ йўналишини босиб ўтишга уринганида йиқилиб, тос суяги ва белидан жароҳат олган. Кейинчалик у қутқариб қолинган.

Токионинг жануби-ғарбида жойлашган Фужи тоғи 2013 йилда Бутунжаҳон мероси мақомига эга бўлган. У Тате тоғи ва Хаку тоғи билан бир қаторда Япониянинг учта анъанавий “Муқаддас тоғ”идан бири ҳисобланади.

Ҳар йили қарийб 200 минг киши Фужи тоғини забт этиш учун йўлга чиқади. Бироқ сайёҳлар оқими ва ҳаддан ташқари тирбандликнинг олдини олиш мақсадида айрим йўналишларда кунлик ташрифлар сонига чекловлар ҳам жорий этилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар