Мисрда машҳур телебошловчи ўлим жазосига ҳукм қилинди

Мисрда машҳур телебошловчи ўлим жазосига ҳукм қилинди

5 сентябрь куни Қоҳира жиноий суди Мисрнинг таниқли телебошловчиси ва санъат продюсери Сара Халифа ҳамда яна 11 нафар судланувчини ўлим жазосига ҳукм қилди. Улар гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ тузишда айбдор деб топилган. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, айбланувчилар гиёҳванд моддалар тайёрлашда фойдаланиладиган хомашёни четдан олиб кириб, Миср ҳудудида ноқонуний моддалар ишлаб чиқариш ва уларни сотишни ташкил қилган. Уларга, шунингдек, ўқотар қурол ва ўқ-дориларни лицензиясиз сақлаш айблови ҳам қўйилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган тинтувлар давомида 750 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалар ва уларни тайёрлаш учун мўлжалланган хомашё мусодара қилинган. Шунингдек, наркотик моддалар тайёрлаш лабораторияси сифатида жиҳозланган икки хонадон ҳамда ноқонуний қурол ва ўқ-дорилар топилган.

Мазкур иш Миср оммавий ахборот воситаларида «Буюк наркотик иши» номи билан кенг ёритилган. Жами 28 нафар айбланувчи бўйича суд жараёнида 12 кишига ўлим жазоси, яна 9 кишига умрбод қамоқ жазоси тайинланган, 7 нафар судланувчи эса оқланган.

Сара Халифа 2025 йил апрель ойида Қоҳирада ҳибсга олинган. У аввал теледастурларни олиб борган ва Мисрда медиа соҳаси вакили сифатида танилган.

Халифа ва бошқа судланувчилар чиқарилган ҳукм устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар