Уч нафар санъаткор “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвонини олди

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан турли соҳаларда самарали фаолият олиб бораётган бир гуруҳ юртдошларни мукофотлаш тўғрисидаги Фармон имзоланди.
Ҳужжатга кўра, актёр Бобур Йўлдошев, қизиқчи Шукурулло Исроилов ҳамда хонанда Шоҳруххон “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвонига сазовор бўлди.
Жумладан:
Бобур Баҳодирович Йўлдошев — “Дийдор ёшлар экспериментал театр-студияси” давлат муассасаси бадиий раҳбари;
Шукурулло Аҳмадқулович Исроилов — “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бадиий сўз устаси;
Шоҳрух Алишерович Йўлдошев — “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонандаси.
Қайд этилишича, санъаткорлар мамлакат мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун тақдирланган.
Шунингдек, уларнинг маданият ва санъатни ривожлантириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги самарали фаолияти ҳам эътироф этилган.
Мукофотланган санъаткорларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки, тинчлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси ҳам юқори баҳоланган.






























Изоҳлар 0
…