Олимлар ёш ўтиши билан хотира нега ёмонлашишини аниқлади

Олимлар ёш ўтиши билан хотира нега ёмонлашишини аниқлади

Олимлар ёш ўтиши билан хотиранинг ёмонлашиши шунчаки маълумотларнинг «ўчиб кетиши» билан боғлиқ эмаслигини аниқлади. Янги тадқиқотга кўра, мия вақт ўтиши билан айрим воқеаларнинг аниқ тафсилотларини қайта тиклаш ўрнига, уларни умумий категориялар билан аралаштира бошлайди. Бу жараён хотирадаги чалкашликларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин. Тадқиқот Cerebral Cortex журналида чоп этилган.

Тадқиқот Бингемтон университети олимлари Дестав Мекбиб ва Иэн Макдонаф томонидан олиб борилган. Унда 18–74 ёшдаги 61 нафар кўнгилли иштирок этган. Улар уч гуруҳга бўлинган: 18–30 ёшдаги 17 нафар ёш, 50–60 ёшдаги 21 нафар ўрта ёшли ва 61–74 ёшдаги 23 нафар катта ёшли иштирокчи.

Тажриба давомида иштирокчиларга турли юзлар объектлар ёки манзаралар билан жуфтлаб кўрсатилган. Кейинчалик улардан айнан қайси объект ёки манзара муайян юз билан боғланганини эслаш сўралган. Бу жараёнда уларнинг мияси функционал МРТ ёрдамида кузатилган.

Тадқиқотчилар асосий эътиборни хотира учун муҳим бўлган гиппокамп фаолиятига қаратган. Мия янги маълумотни қабул қилгандан сўнг, гиппокамп ушбу хотира изларини қайта фаоллаштиради. Ёш одамларда бу жараён аниқ хотирани қайта тиклашга ёрдам берган. Ёши катта иштирокчиларда эса худди шундай қайта фаоллашув айрим ҳолларда нотўғри объект ёки манзарани танлаш билан боғланган.

Натижаларга кўра, ёш иштирокчилар топшириқларнинг ўртача 36 фоизини тўғри бажарган. 50–60 ёшдаги гуруҳда бу кўрсаткич 24 фоиз, 61–74 ёшдагиларда эса 20 фоизни ташкил этган. Тадқиқотда ёш ортиши билан хотиранинг ассоциатив аниқлиги пасайгани кузатилган.

Қизиғи шундаки, тадқиқотчилар хотира билан боғлиқ ўзгаришлар фақат кексаликда пайдо бўлмаслигини қайд этмоқда. Бингемтон университети олимлари хотира аниқлигидаги сезиларли пасайиш 50 ёшлар атрофидаёқ намоён бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. Шу сабабли ўрта ёш мия ва хотира фаолиятидаги муҳим ўтиш даври бўлиши мумкин.

Олимларнинг фикрича, бу механизмнинг ўзи ёмон ҳодиса эмас. Инсон миясининг турли воқеалардан умумий хулосалар чиқариши кундалик ҳаётда қарор қабул қилишга ёрдам беради. Муаммо ёш ўтиши билан умумий тасаввурлар конкрет тафсилотларни сиқиб чиқара бошлаганида юзага келади.

Тадқиқотчилар ушбу натижалар келажакда ёшга боғлиқ нормал хотира ўзгаришларини бошқа жиддий когнитив муаммолардан фарқлаш ҳамда хотира аниқлигини сақлашга қаратилган усулларни ишлаб чиқишда ёрдам беришига умид қилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар