Тимсоҳ ҳайвонот боғи ходимига ҳужум қилиб, уни ўлдирди

Тимсоҳ ҳайвонот боғи ходимига ҳужум қилиб, уни ўлдирди

Янги Гвинеянинг Порт-Морсби шаҳрида жойлашган Adventure Park ҳайвонот боғида фожиали воқеа содир бўлди. Тимсоҳ боғ ходимига ҳужум қилиб, уни оғир жароҳатлади ва оқибатда ходим вафот этди. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 5 сентябрь куни тушдан кейин юз берган. Ходим тимсоҳга товуқ бераётган пайтда ҳайвон унинг оёғидан тишлаб, сув томон тортиб кетган. Шундан кейин тимсоҳ ўз ўлжасини “ўлим айланиши” деб аталадиган усулда айлантирган.

Ҳужум содир бўлаётган вақтда бошқа бир ходим ҳам тимсоҳга яқинлашиб, унинг бошига уриш орқали ҳамкасбини қутқаришга уринган. Ҳайвонот боғига ташриф буюрганлардан бири эса панжара орасидан таёқ узатиб, ҳужумга учраган ходимни қутқаришга ҳаракат қилган.

Воқеа гувоҳи Коибуга Ремдининг айтишича, тимсоҳ ходимни тахминан бир соат давомида қўйиб юбормаган.

“Кўпчилигимиз воқеани кўрдик, бироқ унга ёрдам бериш учун жуда кам имкониятимиз бор эди. Бизнинг ягона чорамиз полицияга ёрдам сўраб қўнғироқ қилиш бўлди”, деган у.

Полиция воқеа жойига етиб келгач, “Adventure Park” ходимлари қутқарув ишларини енгиллаштириш мақсадида тимсоҳ сақланадиган ҳавзадаги сувни чиқара бошлаган. Ҳужумга учраган ходим эса кўп қон йўқотган.

Гувоҳлардан бири полиция тимсоҳни тўхтатиш учун бир неча марта ўқ узганини маълум қилди.

“Тимсоҳ биринчи ўқдан кейин ўлмади. Полиция бир неча марта ўқ узди. Фақат 11-ўқдан кейин тимсоҳ ўлди”, деган гувоҳ.

Шундан сўнг ходим тимсоҳдан қутқариб олиниб, шифохонага етказилган. Аммо шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, у 6 сентябрь куни эрталаб олган жароҳатлари оқибатида вафот этган. Маълумотларга кўра, марҳум ходим ушбу ҳайвонот боғида қарийб икки йил давомида ишлаб келган.

Мазкур фожиали ҳужумдан бир неча ой олдин ҳайвонот боғи ходимларининг тимсоҳларга жуда яқинлашгани акс этган бир нечта видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Улардан бирида ходим улкан тимсоҳнинг юзидан атиги бир неча сантиметр нарида тургани ва ҳайвоннинг устига сув сачратгани кўринади. Кейин эса у тимсоҳнинг устига ўтириб, уни бўйнидан тортган.

Бошқа видеода эса ходим катта тимсоҳнинг орқасига бир оёғини қўйиб тургани ва томошабинларга ҳайвонни боқиш жараёнини намойиш қилгани акс этган.

Яна бир видеода ходим улкан тимсоҳнинг бурнига қўл теккизиб, унинг жағлари олдида тургани кўринган. Бу тасвирлар ҳайвонот боғидаги ходимлар ва йирик йиртқичлар ўртасидаги хавфли даражада яқин муносабатларга эътибор қаратган.

Айни пайтда Порт-Морсбидаги “Adventure Park” ҳайвонот боғи номаълум муддатга ёпилган. Воқеа юзасидан тегишли текширув ишлари олиб борилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар