Инсоният гиёҳванд моддаларни 25 минг йил аввал истеъмол қилганми?

Инсоният гиёҳванд моддаларни 25 минг йил аввал истеъмол қилганми?

Олимлар инсонлар руҳиятга таъсир қилувчи моддаларни тахмин қилинганидан анча олдин истеъмол қила бошлаган бўлиши мумкинлигини аниқлади. Сўнгги тадқиқотлардан бири Индонезиядаги айрим жамоалар бундан 25 минг йил муқаддам бетел ёнғоғидан гиёҳванд модда сифатида фойдаланган бўлиши эҳтимолини кўрсатди.

Австралиянинг Гриффит университети олимлари қадимий одамлар суякларида ғайриоддий изларни аниқлади. Мутахассислар мазкур белгилар бетел ёнғоғини шимиш билан боғлиқ бўлиши мумкин, деган хулосага келган. Тадқиқотга раҳбарлик қилган профессор Адам Бруммнинг таъкидлашича, бу дунё бўйича гиёҳванд моддалар истеъмол қилинганини кўрсатувчи энг қадимий далил бўлиши мумкин.

Тишлардаги ғайриоддий излар

Science Advances журналида чоп этилган тадқиқотда Индонезиянинг Сулавеси оролидан топилган икки нафар қадимий овчи ҳақида сўз боради. Уларнинг бири тахминан 25–16 минг йил, иккинчиси эса 7,6–6,3 минг йил аввал яшаган.

Иккала овчининг ҳам тишларида юмалоқ чуқурча кўринишидаги ноодатий емирилиш белгилари аниқланган. Олимлар махсус таҳлиллар орқали ушбу излар бетел ёнғоғини бутунлигича шимиш натижасида пайдо бўлганини аниқлаган.

Бетел ёнғоғи Арека палмасининг уруғи ҳисобланади. Уни истеъмол қилганда инсон кайфияти бироз кўтарилиши, яъни эйфория ҳолати юзага келиши ва сезгирлик ошиши мумкин.

“Ғарб жамиятида кам танилган бўлса-да, бу модда дунёда спиртли ичимликлар, кофеин ва никотиндан кейин энг кўп истеъмол қилинадиган тўртинчи психоактив моддадир”, деди Брумм.

Инсоният гиёҳванд моддаларни 25 минг йил аввал истеъмол қилганми?

Аввалроқ гиёҳвандлик деҳқончилик пайдо бўлганидан кейин, яъни тахминан 13 минг йил аввал спиртли ичимликлар ўйлаб топилиши билан бошланган, деб ҳисобланар эди. Бироқ Бруммнинг таъкидлашича, бу назарияда энг кенг тарқалган психоактив моддаларнинг илдизи жуда қадимий даврларга бориб тақалиши етарлича ҳисобга олинмаган.

“Бу тадқиқот ҳозирги замонавий гиёҳвандлик хулқ-атворининг баъзи турлари қадимий овчилар анъаналаридан келиб чиққанини англатади”, дея қўшимча қилди олим.

Қадимги анъананинг бугунги кўриниши

Ҳозирги даврда ёнғоқ таркибидаги гиёҳванд модда бетел ёнғоғи уруғини сўндирилган оҳак ва бошқа масаллиқлар билан аралаштириб чайнаш орқали истеъмол қилинади. Ушбу аралашма Жанубий ва Жануби-шарқий Осиёда кенг оммалашган бўлиб, уни ер юзи аҳолисининг тахминан ўндан бир қисми чайнайди.

Тадқиқотчилар ёнғоқларни сунъий сўлакка бўктириб, махсус тажриба ҳам ўтказди. Тажриба натижасида маълум бўлишича, бутун ёнғоқни шунчаки шимишнинг ўзи ҳам мия фаолиятини ўзгартириш учун етарли миқдорда психофаол моддаларни ажратиб чиқариши мумкин.

Шу тариқа, янги тадқиқот инсонларнинг психоактив моддалардан фойдаланиш тарихи аввал тахмин қилинганидан ҳам анча қадимий бўлиши мумкинлиги ҳақида янги саволларни ўртага қўймоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар