Вулқон отилиши Индонезиянинг асосий аэропортида парвозларнинг тўхтатилишига сабаб бўлди

Вулқон отилиши Индонезиянинг асосий аэропортида парвозларнинг тўхтатилишига сабаб бўлди

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, якшанба куни эрталаб аэропорт яқинидаги ҳаво ҳудудида Анак-Кракатау вулқонидан чиққан кул аниқлангач, 209 та рейс кечиктирилган ёки парвоз вақти ортга сурилган.

Ява ва Суматра ороллари ўртасидаги Сунда бўғозида жойлашган вулқон жума куни кечқурун отилишни бошлаган. Бу жараён узлуксиз сейсмик фаолликни келтириб чиқарган ва вулқондан лава фавворалари отилиб чиққан. Расмийлар маълумотига кўра, якшанба куни эрта тонгда яна икки марта вулқон отилиши кузатилган.

Аэропорт маҳаллий вақт билан соат 13:30 гача вақтинча фаолият кўрсатмаган. Бу ҳолат жами 22 мингдан ортиқ йўловчига у ёки бу тарзда таъсир кўрсатган.

Транспорт вазирлиги маълум қилишича, парвозларнинг тўхтатилиши асосан Сингапурга ва ундан амалга ошириладиган рейсларга таъсир қилган. Шунингдек, Доҳa, Сидней ва Куала-Лумпур каби йўналишлардаги халқаро парвозлар ҳам чекловлардан зарар кўрган.

Расмийлар вулқоннинг сўнгги фаоллиги билан боғлиқ цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш берилмаганини тасдиқлаган.

Соғлиқни сақлаш вазири зарар кўрган ҳудудлар аҳолиси имкон қадар уйда қолиши ва ниқоблардан фойдаланиши кераклигини тавсия қилган.

Маҳаллий Kompas газетаси хабарига кўра, шанба куни бир нечта мактабларда дарслар бекор қилинган. Бунга ўқувчилар ва аҳоли вулқон кули сабаб кўзлари ачишаётганидан шикоят қилгани сабаб бўлган. Айрим балиқчилар ҳам кўзларида оғриқ пайдо бўлгани сабабли денгизга чиқишни бекор қилган.

Маҳаллий аҳолидан бири — Алди Чандра Праёги нашрга берган интервьюсида жума куни кечқурундан бошлаб кўзларига гўёки «майда қум доналари тушиб қолгандек» ҳис қилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ачишишни камайтириш учун кўз томчиларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Унинг таъкидлашича, чанг шу қадар қалин бўлганки, у уйининг олд ҳовлисини ҳар беш дақиқада супуришга тўғри келган.

Анак-Кракатау вулқони номи «Кракатаунинг фарзанди» деган маънони англатади. У ўтган аср бошларида 1883 йилдаги машҳур Кракатау вулқони отилиши натижасида ҳосил бўлган кальдера ҳудудида денгиздан кўтарилиб чиққанидан буён вақти-вақти билан фаоллашиб келади.

2018 йил декабрь ойида вулқоннинг бир қисми қулаган ва бунинг оқибатида кучли цунами юзага келган. Табиий офат оқибатида 400 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Суматра ва Ява оролларининг яқин қирғоқларида яшовчи минглаб одамлар уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Олимлар вулқон қулаган пайтда ундан узилиб тушган айрим тоғ жинслари бўлаклари 70–90 метр баландликка кўтарилганини аниқлаган.

Индонезия Тинч океанининг деярли бутун ҳавзасини ўраб турган Тинч океани «Олов ҳалқаси» ҳудудида жойлашган. Бу минтақада тез-тез зилзилалар ва вулқон отилишлари содир бўлгани сабабли вулқон ва сейсмик фаоллик жуда юқори.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар