52 ёшли минора қоровулчиси уйсизлар учун 373 кмни 75 соатда босиб ўтди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- 52 ёшли минора қоровулчиси Барри Грей уйсизлар учун хайрия марафонини ўтказиб, Темза дарёсининг 373 км масофасини 75 соатда босиб ўтди.
- У бу орқали Онлй А Павемент Авай хайрия ташкилоти учун 50 минг фунт стерлингдан ортиқ маблағ тўплади.
- Баррининг бу ташаббуси 2026 йилги ЖустГивинг Авардс мукофотларида Минд Овер Милес номинациясида финалчилар қаторига киритилди.
Лондон минорасида хизмат қилувчи 52 ёшли Барри Грей уйсиз инсонларнинг оғир ҳаётига эътибор қаратиш мақсадида ғайриоддий хайрия марафонини амалга оширди. У Темза дарёсининг Котсволдсдаги манбасидан денгизгача бўлган 373 кмни масофани атиги 75 соатда босиб ўтди.
Собиқ Короллик денгиз пиёдаси бўлган Барри 26 йил ҳарбий хизмат қилган. У 18 ой аввал Йомен қоровулчиси сифатида Лондон минорасида ишлай бошлаган ва шу вақт давомида кўчаларда тун ўтказаётган уйсиз инсонларни тез-тез кўрган.
“Ҳар бир кўприк остида, ҳар бир йўлакда скамейкада ётган уйсиз одамни кўраман. Бу жуда нотўғри”, — деди у.
Баррининг айтишича, уйсизлик фақат кўчада яшаётган инсонлар билан чекланмайди. Доимий бошпанаси бўлмаган, бировнинг уйида вақтинча яшаб юрган одамлар ҳам бу муаммога дуч келади.
У Темза бўйида яшагани ва чидамлилик машқларига қизиққани учун марафон ғояси унга табиий равишда келган. Тайёргарлик даврида овқатланиш, тиббий ёрдам ва оёқларни асраш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратган. Марафондан икки ҳафта олдин эса 80 кмлик югуришни амалга оширган.
Уч кун давомида атиги уч соат ухлади
Барри уч кун ва уч тун давомида югуриб, жами атиги уч соат дам олган. У йўлда қисқа вақтга стулда ухлаб, кейин яна ҳаракатни давом эттирган.
“Шунчалик чарчайсизки, ҳатто тик турган ҳолда ҳам ухлаб қолишингиз мумкин. Танам қачон 30 дақиқа кўзимни юмишим кераклигини билади”, — деди у.
Унинг таъкидлашича, йўналишнинг текис бўлиши ҳам қийинчиликни оширган. Чунки бир хил мушаклар узоқ вақт давомида ишлаган ва бу организмга қўшимча юклама берган.
Марафон натижасида Барри уйсизларга ёрдам берувчи Only A Pavement Away хайрия ташкилоти учун 50 минг фунт стерлингдан ортиқ маблағ тўплади. У мазкур ташкилотни қарийб уч йилдан бери қўллаб-қувватлаб келмоқда ва ҳозир унинг собиқ ҳарбий хизматчилар бўйича элчиси ҳисобланади.
Ташкилот уйсиз инсонларга, жумладан, собиқ ҳарбийларга меҳмонхона ва умумий овқатланиш соҳасида иш топиш, мустақил ҳаётини қайта тиклаш ва жамиятга мослашишда ёрдам беради.
Баррининг сўзларига кўра, марафонни охиригача етказишда дўстлари, оиласи ва нотаниш инсонларнинг қўллаб-қувватлаши катта куч берган.
Энди унинг ушбу ғайриоддий хайрия ташаббуси 2026 йилги JustGiving Awards мукофотларида ҳам эътироф этилди. Барри Mind Over Miles номинациясида финалчилар қаторига киритилди.
“Бу синов мени жисмоний, руҳий ва ҳиссий жиҳатдан ҳеч қачон бўлмаган даражада синади. Аммо бу кўчада тун ўтказаётган инсонлар, айниқса, бир вақтлар ўз мамлакатига хизмат қилган собиқ ҳарбийларнинг ҳар кунги ҳаёти олдида ҳеч нарса эмас”, — деди у.
Барри тўпланган маблағ кўпроқ инсонларга ҳаётини қайта тиклаш, мустақиллигини қайтариш ва муносиб иш топиш имконини беришидан умид қилмоқда.






























Изоҳлар 0
…