16 ёшли ўсмир беш йилдан бери ҳовузда яшаб келмоқда

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгал штатида яшовчи 16 ёшли Иқбол Шайх номаълум тери касаллиги сабабли беш йил давомида кўп вақтини ҳовузда ўтказишга мажбур бўлмоқда, чунки сув унинг оғриқ ва ачишишини енгиллаштиради.
- Шифокорлар ва табиблар унинг ҳолатига аниқ ташхис қўя олмаган ва самарали даво топа олмаган.
Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгал штатида яшовчи 16 ёшли Иқбол Шайх сўнгги беш йил давомида вақтини асосан сувда ўтказаётганини айтди. Ўсмирнинг таъкидлашича, бу ҳолатга сабаб уни безовта қилаётган номаълум тери касаллиги бўлиб, сув ундаги оғриқ ва ачишишни бироз енгиллаштиради.
Ғарбий Бенгалнинг Муршидабод ҳудудидан бўлган Иқбол Шайх хабарларга кўра, умрининг сўнгги ярим ўн йиллигининг катта қисмини кичик ҳовузда ўтказган. Унинг сўзларига кўра, сув унинг “куйиб ёнаётган териси”ни совитишга ва оғриқни босишга ёрдам беради.
Ўсмир ва унинг оиласи турли шифохоналарга бир неча бор мурожаат қилган. Шунингдек, улар ўзини даволовчи деб таништирган табибларга ҳам боришган. Бироқ ҳозирга қадар мутахассислар Иқболнинг ҳолатига аниқ ташхис қўя олмаган ва унинг дардига самарали даво топилмаган.
Беш йил давомида кечаю кундуз ҳовузда қолиш оддий инсон учун тасаввур қилиш қийин бўлган ҳолат. Аммо Иқбол ва унинг яқинлари таъкидлашича, ўсмир сувдан узоқ вақтга чиқиб кетса, кучли ва тоқат қилиб бўлмас оғриқни ҳис қилади. Шу сабабли у кўп вақтини сув ичида ўтказишга мажбур бўлаётганини айтмоқда.
Иқбол ўз бошига тушган бу нохуш ҳолатнинг сабабини ғайритабиий кучлар билан ҳам боғлайди. Унинг ишонишича, бу “жин, парилар ёки бошқа ғайритабиий мавжудот”нинг таъсири бўлиши мумкин.
Яқинда 16 ёшли ўсмирнинг бўйнигача сувга ботган ҳолда турган акс этган видеолари интернетда кенг тарқалди. Кадрлар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлиб, фойдаланувчилар Иқболнинг ҳолати ҳақида турли фикрларни билдиришди.
Жумладан, Reddit платформасидаги бир қатор фойдаланувчилар ўсмирдаги аломатлар кам учрайдиган эритромелалгия деб аталувчи касалликка ўхшашини тахмин қилди.
Эритромелалгия асосан оёқларга таъсир қилади, аммо тананинг бошқа қисмларида ҳам кузатилиши мумкин. Ушбу ҳолатнинг энг кенг тарқалган белгилари орасида терида кучли куйиш ёки ёниш ҳисси ҳамда қизариш бор.
Айни пайтда эритромелалгиянинг аниқ сабаби тўлиқ маълум эмас. Айрим мутахассислар эса унинг келиб чиқиши генетик омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Бироқ Иқболга айнан шу касаллик ташхиси қўйилгани ҳозирча тасдиқланмаган.
Ўсмирнинг ғайриоддий тақдири Ҳиндистондаги йирик Ambani бизнес империяси вориси Анант Амбанининг ҳам эътиборини тортгани хабар қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, Анант Амбани 16 ёшли Иқболни даволатиш ва унинг ҳолатини аниқлаш учун Мумбайга олиб борилишини ташкиллаштирган. Ўсмир Ғарбий Бенгалдан Мумбайга 1300 милдан ортиқ масофага олиб борилган.
Энди Иқбол Мумбайдаги шифокорлар жамоаси кўригидан ўтиши кутилмоқда. Мутахассислар унинг номаълум ҳолатига аниқ ташхис қўйиш ва имкони бўлса, самарали даволаш усулини топишга ҳаракат қилади.






























Изоҳлар 0
…