16 ёшли йигит беш йилдан бери ҳовузда яшамоқда

Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штати Муршидабод туманида яшовчи 16 ёшли Иқбол Шайхнинг ғайриоддий ҳолати ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Бельданга шаҳрида истиқомат қилувчи ўсмир сўнгги қарийб беш йил давомида вақтини асосан ҳовузларда ўтказиб келаётгани айтилмоқда.
Иқболнинг айтишича, сувдан чиқиши билан танасида кучли ачишиш ва ёниш ҳисси пайдо бўлади. Салқин сувга кирганида эса бу ноқулайлик бироз енгиллашади. Шу сабабли у баъзан бир неча кунлаб, айрим ҳолатларда бир ҳафтага яқин вақтни ҳам сувда ўтказган.
Оиласи ўсмирни турли шифохоналарга ва анъанавий табибларга олиб борган, аммо унинг ҳолатига аниқ ташхис қўйилмаган. Узоқ вақт сувда қолиши эса унинг соғлиғига ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани айтилмоқда.
Иқбол ҳақидаги видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг унинг ҳолати Ҳиндистонлик тадбиркор Анант Амбанининг эътиборини тортган. У ўсмирни Мумбайга олиб бориш ва ихтисослашган тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилган. Иқбол ҳозир Мумбайдаги шифохонада мутахассислар назоратида.
Айрим шифокорлар Иқболда эритромелалгия деб аталадиган кам учрайдиган касаллик бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ушбу ҳолатда терида кучли ёниш, иссиқлик ва қизариш кузатилиши мумкин. Симптомлар тана ҳарорати ошганда кучайиши, совутиш эса вақтинча енгиллик бериши мумкин. Бироқ Иқболга айнан шу ташхис расман қўйилгани ҳозирча тасдиқланмаган.
Айни пайтда Мумбайдаги шифокорлар ўсмирни батафсил текшириб, унинг ҳолатига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ва оғриқли белгиларни камайтириш чораларини кўрмоқда.






























Изоҳлар 0
…