Қозоғистондан учган ёш бургут 1400 километр босиб Қашқадарёга етди

Қозоғистонда туғилганига ҳали бир неча ой бўлган дашт бургути қарийб 1400 километр масофани ортда қолдириб, Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятигача етиб келди. Қушнинг узоқ сафарини GPS-трекер орқали мутахассислар кузатиб бормоқда.
Тўнғиш деб номланган бургут иссиқ ўлкалар сари илк мустақил саёҳатини амалга оширмоқда. Унинг ҳаракат йўналиши Қозоғистондаги «Олтин-Эмел» миллий боғи ходимлари томонидан назорат қилинмоқда.
Миллий боғ маълумотига кўра, Тўнғиш ҳали ёз фаслида инида ўтирган оппоқ, момиқ полапон бўлган. 20 июль куни мутахассислар унга қуёш батареяси ёрдамида ишлайдиган GPS-трекер ўрнатишган. Шу орқали ёш бургутнинг ҳар бир ҳаракатини масофадан кузатиш имкони пайдо бўлган.

2 ноябрь куни эълон қилинган маълумотларга қараганда, Тўнғиш Қозоғистон ҳудудидан чиқиб, Қирғизистон орқали Ўзбекистонга кириб келган. У дастлаб Самарқандгача учиб борган, кейин эса Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри яқинида қайд этилган.
Шу тариқа, бир неча ойлик бургут учта давлат ҳудудини кесиб ўтиб, тахминан 1400 километр масофани босиб ўтди.
Мутахассислар дашт бургути Қизил китобга киритилган камёб қушлардан бири эканини таъкидламоқда. GPS-трекер орқали тўпланаётган маълумотлар эса уларнинг кўчиш йўналишларини ўрганиш, хавфли ҳудудларни аниқлаш ва қушларни муҳофаза қилиш чораларини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Тўнғиш қишлайдиган манзилига етиб боргунига қадар унинг сафарини кузатиш давом этади.






























Изоҳлар 0
…