Vantor сунъий йўлдоши Сатурнни коинотдан суратга олди

Vantor компаниясининг Ер орбитасида жойлашган сунъий йўлдоши Ердан қарийб 1,5 миллиард километр узоқликдаги Сатурн сайёрасини суратга олди. Бу ҳақда «Naked Science» нашри хабар берди.
Қайд этилишича, аввал Maxar Intelligence номи билан танилган Vantor компанияси Ер орбитасидан туриб коинотдаги объектларни суратга олиш технологияларини ривожлантирмоқда. Компания бундан олдин ҳам бошқа сунъий йўлдошлар ва космик аппаратларни орбитадан туриб тасвирга олишга муваффақ бўлган.
Жумладан, 2025 йил декабрь ойида WorldView-3 сунъий йўлдоши Ердан 240 километр баландликда носоз ҳолатда бўлган Starlink аппаратини суратга олган. 2026 йил апрель ойида эса WorldView Legion 4 сунъий йўлдоши «Hubble» космик телескопини қарийб 61,8 километр масофадан тасвирга туширган.
Компания маълумотларига кўра, унинг еттита сунъий йўлдоши Ер орбитасидаги объектларни кузатиш ва суратга олиш имкониятига эга. Тасвирларнинг энг юқори аниқлиги ҳар бир пикселга 2,5 сантиметргача етиши мумкин.
Сатурннинг суратга олиниши компаниянинг космик объектларни кузатиш имкониятларини намойиш этувчи навбатдаги натижа бўлди.






























Изоҳлар 0
…