Жанубий кореялик аёл 15 йилда 400 марта пластик операция қилдирди

Жанубий кореялик аёл 15 йилда 400 марта пластик операция қилдирди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Жанубий кореялик аёл Гил Ли Вон сўнгги 15 йил ичида ташқи кўринишини ўзгартириш учун 300 миллион вон (тахминан 210 минг доллар) сарфлаб, жами 400 га яқин косметик муолажадан ўтган.
  • Унинг сўзларига кўра, ёшлигида ташқи кўриниши сабабли танқидга учрагани уни ўзгаришга ундаган.
  • Гил Ли Вон ҳозирги кўринишидан мамнун бўлса-да, ҳали ҳам ўзгартиришни истайдиган жиҳатлар борлигини тан олган.

Жанубий Кореяда яшовчи аёл сўнгги 15 йил давомида ташқи кўриши билан боғлиқ турли муолажаларга 300 миллион вон, яъни тахминан 210 минг доллар сарфлаганини маълум қилгач, интернетда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Гил Ли Воннинг айтишича, у шу вақт ичида жами 400 га яқин косметик муолажадан ўтган.

Аёл tvN STORY телеканалидаги машҳур «It’s Okay to Be a Martian» кўнгилочар дастурида иштирок этиб, пластик жарроҳликка 2010 йилда мурожаат қила бошлаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, коллежга кириш имтиҳонларига тайёрланаётган пайтида вазни ортиб кетган ва атрофдагилар унинг ташқи кўриниши устидан кулишган. Кейинчалик собиқ йигитларидан бири ҳам унинг қиёфасини танқид қилган. Бу эса аёлни ташқи кўришида ўзгариш қилишга ундаган.

Гил биринчи марта айнан қандай муолажа қилдирганини очиқламаган. Бироқ дастлабки тажриба унга косметик жарроҳлик имкониятларини англашга туртки берган ва шундан сўнг у турли муолажаларни давом эттирган. Ташқи кўришига катта маблағ сарфлаганига қарамай, ҳозирча бу жараённи бутунлай тўхтатиш нияти йўқлигини билдирган.

«27 ёшимдан 30 ёшимгача муносабатда бўлган йигитим ташқи кўринишимни доимий танқид қиларди. Бу ўзимга бўлган ишончимни йўққа чиқарди. Мен ўзимни бутунлай ўзгартиришни хоҳладим. Шунга қарамай, пластик операция қилдирганимдан афсусланмайман. Ҳозир ташқи кўринишимдан мамнунман ва ўзимни ишончли ҳис қиламан», — деди Гил Ли Вон.

Унинг маълум қилишича, сўнгги 15 йил ичида пешонага ёғ тўқимасини кўчириш, қулоқ шаклини ўзгартириш, қовоқни икки қатламли қилиш, кўзларни тузатиш, бурунни шакллантириш, бурун ва юқори лаб орасидаги масофани қисқартириш, ияк ва юз контурини ўзгартириш каби муолажалардан ўтган. Шунингдек, у юзида чуқурчалар ҳосил қилиш ва уларни олиб ташлаш, лабларга филлер қўйиш ва уни эритиш, елка ҳамда ўмров суяги атрофига филлер киритиш, бўйин ажинларини тўлдириш ва айрим мушакларга ботокс қўллаш каби косметик муолажаларни ҳам қилдирган.

Бундан ташқари, аёл думба соҳасида игна билан амалга ошириладиган муолажалар, бутун танадаги липосакция натижаларини тузатиш учун қайта жарроҳлик амалиёти, томир орқали ўзак ҳужайраларини юбориш ва турли тери парвариши муолажаларидан ҳам ўтганини айтди.

«Косметик муолажалар ва дерматологга боришларимнинг барчасини ҳисобласам, жами 400 га яқин муолажа бўлган. Бу вақт ўтиши билан йиғилиб кетди», — деди жанубий кореялик аёл.

Гил Ли Вон ҳали ҳам ташқи кўришида ўзгартиришни истайдиган жиҳатлар борлигини тан олди. Бироқ у липосакция клиникасидаги шифокор маслаҳатига амал қилишга қарор қилган. Мутахассис унга ҳаддан ташқари кўп ўзгаришларга интилмаслик ва ҳозирги ҳолатини сақлашга эътибор қаратишни тавсия қилган.

Шунга қарамай, аёл ўзини яхши кўринишда сақлаш мақсадида дерматология ва шарқона тиббиёт клиникаларига деярли ҳар куни ташриф буюришини маълум қилди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар