27 октябрдаги Исроил сайловларининг кутилмаган сценарийлари

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- АҚШ президенти Доналд Трамп 27 октябр кунги Исроил сайловлари арафасида Бинямин Нетаняҳуга очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди, бу қарорни Вашингтон ва Тел-Авивнинг Эронга қарши стратегик манфаатлари билан изоҳлади.
- Бироқ, сўров натижаларига кўра, Нетаняҳунинг «Ликуд» партияси мухолифатдаги «Яшар» партиясидан ортда қолмоқда, бу эса сиёсий инқироз ва қайта сайловлар эҳтимолини оширади.
АҚШ президенти Дональд Трамп 27 октябрга белгиланган Исроил парламенти — Кнессет сайловлари арафасида бош вазир Биньямин Нетаняҳуга очиқдан-очиқ «тўлиқ ва сўзсиз» далда беришини маълум қилди.
DW нашрининг ёзишича, Оқ уй раҳбари 18 октябрь куни ўзининг Truth Social тармоғидаги саҳифасида бу қарорини Вашингтон ва Тель-Авивнинг Эронга қарши муштарак стратегик манфаатлари билан изоҳлади. Бироқ бу қўллов маҳаллий сиёсий майдонда Нетаняҳунинг «Ликуд» партияси сўровларда мухолифатга имкониятни бой бераётган мураккаб паллага тўғри келмоқда.
«Бошқа раҳбар келса, Эрон билан ёлғиз қоламиз»: Трампнинг асосий даъвоси
АҚШ президенти Нетаняҳу ҳокимиятда қолишини минтақавий хавфсизликнинг асосий кафолати деб ҳисоблайди:
Эрон таҳдиди ва ягона иттифоқ: Трампнинг таъкидлашича, агар Исроилга бошқа раҳбар келса, Вашингтон Теҳронга мустақил равишда, ёлғиз қарши туришга мажбур бўлади. У эса бундай йўл тутиш нияти йўқлигини очиқ билдирди;
Биргаликдаги зарбалар: АҚШ етакчиси Нетаняҳу ҳукумати билан ҳамкорликда Эрон режимига ҳарбий ва молиявий жиҳатдан муттасил зарба бериб келинаётганини таъкидлади;
Босим тўхтамайди: Теҳрон расмийлари ўз ташқи сиёсатини ўзгартирмагунча, қўшма босим ва санкциялар давом этиши қайд этилди.
Сўров натижалари: Гади Айзенкот пешқадамлик қилмоқда
Трампнинг қатъий хайрихоҳлигига қарамай, Исроил ичидаги кайфият амалдаги бош вазир фойдасига эмас:
«Яшар» партияси олдинда: The Jerusalem Post келтирган ижтимоий сўров натижаларига кўра, Исроил армиясининг собиқ бош қўмондони Гади Айзенкот етакчилигидаги мухолифатдаги «Яшар» партияси сайловда 22 та мандат олиши мумкин;
«Ликуд» ортда қолмоқда: Амалдаги ҳукуматнинг бош кучи бўлган Нетаняҳунинг «Ликуд» партияси эса атиги 19 та мандат билан иккинчи ўринга тушиб қолиши кутилмоқда;
Тенг кучлар: Партияларнинг алоҳида кўрсаткичларидан қатъи назар, ҳукумат тарафдорлари ва мухолифат блокларининг умумий имкониятлари бир-бирига ўта яқинлигича қолмоқда.
61 мандат муаммоси ва сиёсий инқироз хавфи
Кнессетдаги жами 120 та ўриндан кўпчиликни шакллантириш ва янги ҳукумат тузиш учун камида 61 та овозни бирлаштириш талаб этилади. Шу боис алоҳида партиянинг кўпроқ ўрин олиши унинг мутлақ ғалабасини кафолатламайди:
Мухолифат коалициясими ёки ўнг қанотми? AP агентлигининг таҳлилига кўра, биринчи сценарий — мухолифатнинг сўл, марказчи ва ўнг партияларни ягона блокка жамлаши бўлса, иккинчи йўл — Нетаняҳунинг ўта ўнг сиёсий кучлар билан мавжуд иттифоқини сақлаб қолишидир;
Араб партияларининг «олтин овози»: Мамлакатда сайловчиларнинг қарийб 20 фоизини ташкил этувчи араб аҳолиси манфаатларини ифодаловчи партияларга сўровларда 13–15 та мандат берилмоқда. Улар ҳал қилувчи паллада кучлар мувозанатини ўзгартириб юбориши мумкин;
Қайта сайловлар эҳтимоли: Агар курашаётган томонларнинг ҳеч бири 61 та ўринни жамлай олмаса, Исроил яна узоқ муддатли сиёсий тупикка юз тутиши ва муддатидан олдин қайта сайловлар ўтказилиши мумкин.































Изоҳлар 0
…