Одам бошини бошқа танага кўчиришни ваъда қилган олим Россияда операция ўтказди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Хитойлик нейрохирург Жен Сяопин Москвадаги Склифосовский номидаги илмий-тадқиқот институтида 12 соат давом этган орқа мия трансплантацияси операциясида иштирок этди.
- Олим жароҳатланган орқа мия қисмини олиб ташлаб, унинг ўрнига донордан олинган нерв тўқимасини жойлаштирганини маълум қилди.
- Россия расмийлари мазкур амалиёт ўтказилганини тасдиқлаган бўлса-да, унинг узоқ муддатли натижалари ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар мавжуд эмас.
Инсон бошини бошқа танага кўчириб ўтказиш режалари билан танилган хитойлик нейрохирург Жен Сяопин Москвада пайдо бўлди. У Склифосовский номидаги илмий-тадқиқот институтида 12 соат давом этган орқа мия операциясида қатнашган. Бу ҳақда «South China Morning Post» хабар берди.
Олимнинг «New Scientist» журналида келтирилган маълумотига кўра, жароҳат туфайли узилган орқа миянинг шикастланган қисми олиб ташланиб, унинг ўрнига мия ўлими қайд этилган донордан олинган нерв тўқимаси бўлаги жойлаштирилган. Жен Сяопин ушбу амалиётни дунёдаги биринчи орқа мия трансплантацияси деб атаган. Россия расмийлари ҳам Москвада шундай операция ўтказилганини тасдиқлаган. Бироқ унинг узоқ муддатли натижалари ҳақида ҳозирча батафсил маълумот йўқ.
Жен Сяопин 2010 йилларда италиялик жарроҳ Серджио Канаверо билан инсон бошини бошқа танага кўчириш режасини илгари сургани сабабли халқаро миқёсда танилган. Бироқ бундай операция инсонда муваффақиятли амалга оширилгани ҳақида ишончли тасдиқ йўқ. Ушбу ғоя тиббиёт ҳамжамиятида жиддий ахлоқий ва илмий эътирозларга сабаб бўлган.
Олимнинг Москвадаги фаолияти Россияда узоқ умр кўриш ва қаришни секинлаштириш бўйича тадқиқотлар кучайган даврга тўғри келди. «The Wall Street Journal» нашри бу йўналишдаги давлат дастурига Владимир Путиннинг қизи Мария Воронцова ва Курчатов институти раҳбари Михаил Ковальчук алоқадорлигини ёзган. Дастур доирасида ген терапияси, тўқималарни биопринтер ёрдамида яратиш ва ҳайвонларда инсон учун мос аъзолар етиштириш каби йўналишлар ўрганилмоқда.
Очиқ бюджет маълумотларига кўра, Россия ҳукумати 2027–2029 йилларда «Соғлиқни сақлашнинг янги технологиялари» миллий лойиҳаси учун жами 17,954 миллиард рубль ажратишни режалаштирган. Бироқ бу маблағни фақат Путиннинг умрини узайтиришга сарфланадиган пул сифатида талқин қилиш тўғри эмас: лойиҳа тиббиёт ва узоқ умр кўриш технологияларига оид кенгроқ тадқиқотларни қамраб олади.






























Изоҳлар 0
…