Жанубий Кореяда жиноятларни камайтириш учун голограмма полициячилар пайдо бўлди

Жанубий Кореяда жиноятларни камайтириш учун голограмма полициячилар пайдо бўлди

Жанубий Корея пойтахти Сеулда аҳоли хавфсизлигини ошириш ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида ҳаётдагидек кўринадиган голографик полициячилар синовдан ўтказилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу технология жамоат жойларидаги жиноятлар сонини камайтиришга ёрдам берган.

Ҳар куни кечқурун соат 19:00 дан 22:00 гача Сеулнинг Чунг-гу ҳудудидаги одамлар гавжум Жудонг №3 боғида бўйи 170 сантиметрдан баланд, полиция формасидаги эркак тасвири пайдо бўлади. У фавқулодда вазиятларда полиция зудлик билан етиб келишини ва атрофда кузатув камералари мавжудлигини эслатиб туради.

Бироқ бу ҳақиқий полициячи эмас, балки фуқароларда хавфсизлик ҳиссини кучайтириш ва тартибсизликларнинг олдини олиш учун яратилган уч ўлчамли голограммадир. Голографик технологияларга ихтисослашган Hologrammica компанияси ишлаб чиққан ушбу модель ўтган йилнинг октябрь ойида синов тариқасида ўрнатилган.

Жиноятлар сони 22 фоизга камайган

Жунбу полиция бўлими раҳбари Ан Донг Хённинг таъкидлашича, голограмма фуқароларнинг хавфсизлик ҳиссини оширадиган ва қонунбузарликларнинг олдини олишга психологик таъсир кўрсатадиган замонавий восита ҳисобланади.

Унинг айтишича, полиция сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда жиноятчиликка қарши курашиш чораларини кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Сеул Метрополитен полиция агентлиги маълумотларига кўра, голограмма ўрнатилишидан олдинги ва кейинги бир хил даврлар таққосланганида, боғ ҳудуди ва унинг атрофида содир этилган жиноятлар сони тахминан 22 фоизга камайган.

Tunda politsiyachi qiyofasidagi yoritilgan karton figura turibdi.

Полиция ушбу технология жиноятчиларни бевосита қўлга ололмаслигини тан олса-да, у қонунбузарликларнинг олдини олиш ва одамларда хавфсизлик ҳиссини шакллантиришда самарали бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Келгусида унинг қўлланиш доираси натижаларга қараб кенгайтирилиши мумкин.

Полиция вакилларининг фикрича, голограммага яқиндан қаралганда унинг ҳақиқий инсон эмаслиги билинади. Бироқ полиция ходими шу ерда тургани ҳақидаги тасаввурнинг ўзи ҳам одамларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир кўрсатган.

Интернет фойдаланувчилари голограммани арвоҳга ўхшатди

Полиция технологиянинг ижобий натижаларини таъкидлаётган бўлса-да, интернет фойдаланувчилари унга ҳазиломуз муносабат билдиришган. Кўпчилик голограммани замонавий қўриқчи қўғирчоққа ўхшатиб, жиноятлар камайишига одамларнинг боғга киришдан қўрқиб қолгани сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтган.

«Бу нима бало, бу ерда полициячи арвоҳ кезиб юрибди-ку! Одамлар нима деб ўйлаяпти ўзи?» — деб ёзган фойдаланувчилардан бири.

Шундай қилиб, Сеулдаги тажриба замонавий технологиялар ёрдамида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг янги усулларини кўрсатмоқда. Бироқ голографик полициячиларнинг узоқ муддатли самараси ва бошқа ҳудудларда қўлланилиши келгуси натижаларга боғлиқ.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар