09:30 / 01.02.2018
5 042

Cамарқандлик муҳожир: "Қишлоғимда масжид ва болалар боғчаси қуришни ният қилганман" (видео)

Cамарқандлик муҳожир: "Қишлоғимда масжид ва болалар боғчаси қуришни ният қилганман" (видео)
«Дарё» интернет-нашри «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ватандошларимиздан бирининг фикрларини эълон қилди. Эълон қилинаётган бу фикрларда меҳнат муҳожирлари учун шарт-шароитлар яратиш йўлида бугун бошланган ишлар, ўзгаришлар учун таклиф ўлароқ жаранглаган изоҳлар ҳам йўқ эмас.

Эълон қилинаётган навбатдаги монолог — Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 1,5 йилдан бери меҳнат қилаётган самарқандлик йигитнинг фикрлари (уни «Дарё» муҳаррири Дилшод Шарипов ёзиб олган). Унинг илтимосига кўра, исми-шарифи ва унинг шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилмади, матн жузъий таҳрирларга учради.

1995 йили Самарқанднинг Оқдарё туманида туғилганман. Бир ярим йилдан бери Санкт-Петербургда яшаб, ишлаяпман. Бу ерга қариндошларим ва маҳалладошларим билан келганман. Россияга келишдан олдин сомсахонада ишлаганман. Коллежни бухгалтерлик йўналиши бўйича тамомлаганман.

Бу — Россияга иккинчи сафар келишим. Ҳар икки сафар ҳам 350 доллардан чипта олиб, самолётда учиб келганман. Биринчи марта 2016 йилнинг августида келгандим. Орада бир марта, уч ой Самарқандда бўлиб қайтдим.

Россияга келганимдан буён фақат бир жойда — фермада ишлайман. Фермада 12 та қорамол, 40 дан ортиқ қўй ҳамда 100 дан зиёд товуқ ва курка бор. Шуларга қарайман. Иш унчалик оғир эмас, бир кунда кўпи билан 8 соат ишлайман. Бу ишни бир ҳамқишлоғим топиб берган. Ойига 450—500 доллар иш ҳақи оламан.

Ферма эгаси — россиялик, жуда яхши инсон. Яшаш учун икки хонали квартира ажратган. Бу квартирада акам ва икки қариндошим билан бирга турамиз. Улар қурилишда, кунига 12 соатдан ишлайди. Яшаш жойимизда барча шароитлар — газ, электр, телевизор, интернет бор. Ейиш-ичиш учун ҳам ҳамма нарса бор, кийим-кечак етарли.

Бошлиғим прораблик ҳам қилади, акам ва қариндошларимга қурилишдан иш топиб беради. Шунинг учун уларнинг мен билан бир квартирада туришига рухсат берган. Квартирага пул тўламаймиз, фақат патент учун ҳар ой 3500 рубль тўлаймиз, холос. Иш ҳақимни хўжайинимнинг ўзи Ўзбекистонга юборади.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихона ва консулликларига ҳеч ишим тушмаган, чунки ҳамма ҳужжатларимни бошлиғим тўғрилаб берган.

Мен билан тенгдош оқдарёлик бир ўртоғим уч йилдан бери Россияда ишлаб келаётганди. 2017 йил декабрида, қурилишда ишлаётганида олти метр баландликдан йиқилиб, умуртқа суяги бўлиниб кетди. Тез ёрдам машинасида шифохонага олиб боришди, зудлик билан операция қилинди. Операциядан сўнг қимирламай ётди. 15-20 кунча аҳволи яхши эди, сўнг ошқозони овқат ҳазм қилмай қўйди... 24 январь куни оламдан ўтди. Дўстим уй қилай, тўй қилай деб, уч йилдан бери Россияда ишлаётганди...

Россиядаги ватандошларимизнинг бари пул топай, уй-жойимни тўғрилай, тўй қилай деган дардда юрибди. Масалан, биз ҳам акамга уй қуришимиз, ўзим эса уйланишим керак. Лекин Ўзбекистонда ойига 450 доллар ишлай олишимга кўзим етмайди. Бунча пулни нима иш қилиб топиш мумкинлигини ҳам ҳеч ўйлаб кўрмаганман. Ўша пулнинг ярмини топсам ҳам қайтардим, чунки ота-онам, яқинларимнинг бағрида бўлардим.

Самолёт чипталари нархини тушириш — биз кабилар учун энг асосий ёрдам бўларди, автобус рейсларини эса ёпиш керак. Мен ҳам Қозоғистонда бўлганман. Қозоғистон орқали келаётган юртдошларимизни йўлда тунашади, чегарада қийнашади, алдаб пулини олишади. Милиционерлар поездларга чиқиб, пул сўрайди, бизнинг соддадил одамларимиз эса жонини асраш учун қўрққанидан пул беради. Агар Россияга автобуслар қатнови тўхтатилиб, самолёт чипталари арзон қилинса, биз учун бундан ортиқ бахт йўқ.

Оқдарё туманидаги Қоратухум, Ровотча, Қурилиш ва Қоратери қишлоқларига битта масжид ва битта болалар боғчаси керак. Буларни тўрт қишлоқ ҳашар йўли билан ҳам қуриб олиши мумкин. Худо хоҳласа, эсон-омон, соғ-саломат юртимга қайтсам, керакли идораларга чиқиб, қишлоқларимиз учун масжид ва болалар боғчаси қуришга киришаман.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Cамарқандлик муҳожир: "Қишлоғимда масжид ва болалар боғчаси қуришни ният қилганман" (видео)