22:15 / 30.10.2018
3 099

"Гул териб асал қилиш": Хитой Ғарб университетларидан ўз манфаати учун фойдаланмоқда

"Гул териб асал қилиш": Хитой Ғарб университетларидан ўз манфаати учун фойдаланмоқда
Хитой олимлари Ғарб университетларидан Хитойда ҳарбий технологияларни ривожлантириш учун фойдаланмоқда. Австралиянинг Стратегик сиёсат институти чиқарган "Гул териб асал қилиш" номли ҳисоботида Ғарб ҳукуматлари ва университетлари Пекин ўз ҳарбий қудратини хориж технологиялари асосида юксалтираётганига лоқайд эканлиги таъкидланган.

"Ғарб университетларида изланиш олиб бораётган хитойлик мутахассислар ватанига қайтиб, ўрганган билимларини Хитой ҳарбий саноатига жорий этмоқда", – дейилади ҳисоботда.

“Мен ҳеч бир университет бу фактни тан олганини кўрганим йўқ. Улар Хитой билан фойдали ҳамкорлик ва Хитой ҳарбийлари билан ҳамкорлик ўртасидаги фарқни ажратиб олмаган. Хитой ҳарбийлари билан ҳамкорлик бизнинг манфаатларимизга тўғри келмайди,” – дейди ҳисобот муаллифи Алекс Жоске.

Ҳисоботга кўра, 2007 йилдан буён Халқ озодлик армиясига алоқадор бўлган хитойлик 2500 та олим АҚШ, Австралия ва Буюк Британия каби етакчи мамлакатларга тадқиқот учун келган.

“Ушбу олимлар квант физикаси, тўлқинларни қайта ишлаш, криптография, навигация технологияси ва автоном транспортлар каби стратегик ва янги технологиялар соҳасида ишлашади”, – қўшимча қилади муаллиф.

Хитойдаги "People’s Daily Online" нашрида бундай фаолият “Хитойда асал қилиш учун хориждан гулларни териб келиш” дея таърифланган.

Ҳарбий денгиз академияси ва Фазо кучлари муҳандислик университети олимлари Ғарб мамлакатларида докторлик ишларини қилганлар ёки меҳмон тадқиқотчи сифатида ишлашган.

Бироқ чет элда тадқиқот олиб борганига қарамай, улар давлат ва коммунистик партияга содиқ бўлиб қолишган.

“Партия таълими ва маҳорат ошириши мамлакат ташқарисида тўхтаб қолмайди”, – дейилади "People’s Daily Online" мақоласида.

Австралия университетлари мақоладаги мулоҳазаларга дарҳол муносабат билдиришди.

“Австралия университетлари хорижлик талабаларнинг аризаларини эҳтиёткорлик билан ўрганади ҳамда мудофаа ва хавфсизлик агентликлари билан алоқа ўрнатган. Улар Австралия миллий манфаатларини ўз тадқиқот ишлари ва чет эллик талабалар ва тадқиқотчилар билан таълимий алоқалар ўрнатиш орқали таъминлашга беминнат ёрдам бермоқда”, – дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда айтилишича, Янги Жанубий Уэлс университети Австралия ҳукуматининг илтимосномаси билан мудофаа соҳасида бир қатор тадқиқотлар олиб борган.

Унда хорижлик ва Хитой армияси олимларининг тақриз ёзилган илмий мақолалари 2006 йилда 112 та бўлган бўлса, 2017 йилда 700 дан ошиб кетгани таъкидланади. Уларнинг аксарияти АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия ва Янги Зеландияда чоп этилган. Бу мамлакатлар хавфсизлик ва бошқа масалаларда ҳамкорлик қилади.

Баъзи хитойлик ҳарбий олимлар Халқ озодлик армияси билан алоқасини яшириш учун ўзларини мавжуд бўлмаган академик институтлар тадқиқотчиси сифатида таништирадилар.

Ушбу ҳисобот АҚШлик адвокат Кристофер Ашлей Форд Хитойга технологиялар узатилишига барҳам бериш АҚШ учун устувор вазифа эканлигини айтганидан сўнг эълон қилинди.

Ҳисобот муаллифи Жоскенинг фикрича, хитойлик ва хорижлик тадқиқотчилар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим, бироқ стратегик оқибатларни келтириб чиқарувчи тадқиқотларга келганда назорат жуда қаттиқ бўлиши лозим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » "Гул териб асал қилиш": Хитой Ғарб университетларидан ўз манфаати учун фойдаланмоқда