22:59 / 21.04.2019
3 336

Украинада овоз бериш якунланди. Экзитполга кўра Зеленский мутлақ ғолиб

Украинада овоз бериш якунланди. Экзитполга кўра Зеленский мутлақ ғолиб
Украинада президентлик сайловларининг иккинчи турида овоз бериш жараёни якунланди.

Миллий экзитпол маълумотларига кўра, шоумен Владимир Зеленский президентлик сайловларида ғолиб бўлди. Маҳаллий вақт билан 18:00гача (Тошкент вақти билан соат 20:00) ўтказилган сўровномалар натижаларига кўра, у 73,2 фоиз овоз олган, сайловдаги иккинчи номзод, Украинанинг амалдаги президенти Петро Порошенкони эса сайловчиларнинг 25,3 фоизи қўллаб-қувватлаган.

Зеленский учун ҳаммадан кўпроқ Украина шарқидаги областлар овоз берган - Донбасс атрофидаги ҳудудларда у 87,7 фоиз овоз олишга эришган. Унга нисбатан камроқ овоз мамлакат ғарбида берилган - 57 фоиз. Порошенкони ғарбдаги сайловчилар нисбатан яхшироқ қўллаб-қувватлашган - 41,3 фоиз.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловда давомат 63 фоизни ташкил қилди. Днепропетровск, Запорожье ва Полтава областларида сайловчилар нисбатан фаолроқ бўлишди.

Миллий экзитпол халқаро ташкилотлар томонидан молиялаштирилади ва сиёсий кучлар ёки номзодлар таъсирида бўлмайди. Ташкилот ходимлари сайлов участкасида овоз бериб чиққан ҳар 12-сайловчидан интервью олиб, унинг танловига қизиқади. Сўровномалар шифохоналар, қамоқхоналар, ҳарбий қисмлар ва хориждаги сайлов участкаларида ўтказмайди, шунингдек, уйда туриб овоз берган сайловчилардан фикр олинмайди.

Украина миллий полицияси овоз бериш жараёнида мингдан ортиқ қоида бузилишларини қайд этган, аммо буларнинг ҳеч бири сайлов натижасига таъсир кўрсатувчи қоидабузарликлар бўлмаган.

Сайлов-2019
Украина президентлиги сайловларининг биринчи турида 39 нафар номзод рўйхатга олинди. Сайлов кунига қадар иккинчи турга кимлар ўтиши ноаниқлигича қолаётганди. 31 март куни бўлиб ўтган биринчи турда Зеленский 30,24 фоиз овоз билан биринчи, Порошенко 15,95 фоиз овоз билан иккинчи бўлди ва кейинги босқичга чиқишди. Биринчи турда собиқ бош вазир, «Батькившина» партияси раҳбари мухолифатчи Юлия Тимошенко, россияпараст партия бўлмиш «Мухолифат блоки» раҳбари Юрий Бойко ҳам нисбатан яхши натижа кўрсатди.

Қайд этиш керакки, Зеленский сайловолди кампанияси давомида деярли интервью бермади ва сайловчилар билан мулоқотлар ўтказмади. 17 апрель куни у илк марта РБК-Украина учун интервью берди. Интервью Зеленский 31 март куни ўз штабида стол тенниси ўйнаган вақтида мухбирга ютқазгани туфайли қўйилган шарт муносабати билан ўтказилди.

Зеленский бу интервьюда Донбассни Украинага қайтариши ҳақида гапирди. У шунингдек, президентликка сайлангач, президентлик қароргоҳини болалар оромгоҳи учун бериб юбориши, 3 та президентлик самолётини сотиб юбориб, ўзи оддий фуқаролар билан бирга рейсларда учиши, президент кортежи бошқа автомобиллар қатори светофорда тўхтаб туриши ҳамда йўл ҳаракатига таъсир кўрсатмаслиги бўйича режаларини ҳам баён қилганди.

Манба: Kun.uz[/sup]

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинада овоз бериш якунланди. Экзитполга кўра Зеленский мутлақ ғолиб