13:55 / 17.08.2019
2 990

Нима учун Эрдўғон Россия томон юз тутди?

Нима учун Эрдўғон Россия томон юз тутди?
Фото: Getty Images
The Financial Times нашри эълон қилган мақолада Туркия президентининг Россия билан қурол етказиб бериш борасида тузган битими унинг НАТОдаги мавқеига ва АҚШ билан муносабатларига путур етказадими ёки Туркиянинг таваккалчиликка асосланган бу сиёсий қадами ўзини оқлайдими, деган савол қўйилади.

Америкалик амалдорлар ва таҳлилчилар Туркия Россиядан қурол сотиб оладиган бўлса, Дональд Трамп Туркиянинг мўрт иқтисодиётига молиявий жазо чоралари киритишидан огоҳлантириб келаётган эди. Аммо кейинги ҳафталарда Анқарага 30 дона ракета ташувчи учоқ ва уларга тегишли жиҳозлар олиб келинган бўлса-да, жазо чоралари жорий этилмади. Бу таҳлилчиларни ажаблантирмай қолмади. Эрдўғоннинг авантюраси ҳозирча иш бермоқда.

Айни пайтда кузатувчилар Туркия НАТОнинг ашаддий рақиби Россия билан 2,5 миллиард долларлик битим тузгани жавобсиз қолаверадими ёки жазо чоралари кейинроқ амалга кирадими, деган савол устида бош қотирмоқда. Вазиятни Трампнинг жумбоқли сиёсати ҳам чигаллаштириб юборди. Ёдингизда бўлса, ўтган ёзда АҚШ ҳукумати америкалик руҳоний Эндрю Брансоннинг ҳибсга олиниши ортидан Анқара билан мунозарага киришган, бу баҳс ҳаттоки Туркия молиявий бўҳронга учрашига олиб келишига бир бахя қолганди.

Орадан бир йил ўтиб, Трамп Эрдўғон Америка Патриот тизимини сотишни истамагани учун C-400 ни сотиб олишини ҳам маъқуллаб чиқди. Шунга қарамасдан, ҳатто президент Трамп Эрдўғон тарафида бўлса ҳам, бу вашингтонлик сиёсатчилар назарида Туркия Москва томон юз тутишининг салбий оқибатларини бартараф этолмади. Пентагон Туркияни F-35 дастуридан чиқариб бўлди, бу эса турк армияси учун янги оғриқли муаммоларни келтириб чиқариши тайин. Боз устига, АҚШ Конгресси Эрдўғонга қарши кайфиятда ва Анқаранинг Москва билан яқинлашувини жазосиз қолдирмаслик учун барча чораларни кўради.

Эрдўғон Туркиянинг ўта муҳим геосиёсий майдонда ўрнашгани мамлакатни АҚШ ҳукуматининг жазо чораларидан қутқаришини доимо таъкидлайди. АҚШда эса унинг бу таъкиди кулги остида. Бироқ Осакада ўтган G20 саммитда АҚШ ва Туркия президентларининг учрашуви Эрдўғон ҳақлигини исботлаб қўйди. Трамп Эрдўғон тарафини олгандай «Анқарага мудофаа учун ракета тизими керак эди, шу боис у Россияга мурожаат қилган.

Бошқа йўл ҳам йўқ эдику», деб айтди. Мазкур баёнотнинг эртасига ҳукуматга яқин Сабаҳ нашри «ҳеч қандай жазо чоралари бўлмайди», деб бонг урди. Вашингтонлик сиёсатдонлар ҳангу манг бўлиб қолди. Филадельфия ташқи сиёсат масалалари тадқиқот институтининг Яқин Шарқ масалалари бўйича дастури раҳбари Аарон Стейн «Эрдўғон билан ўтказилган матбуот анжуманида Дональд Трамп ақлдан озди», деб айтди.

Икки ҳафтадан кейин C-400 нинг дастлабки қисмлари Анқарага олиб келинди. Эрдўғон мазкур воқеани «Туркия тарихидаги энг манфаатли савдо битими», деб олқишлади. Бир ойдан кўп вақт ўтяптики, иқтисодий жазо чораларидан асар ҳам йўқ. Айрим сиёсатчилар назарида АҚШ Туркияни Сурия шимолидаги курдларга ҳужум уюштирмаслиги учун шу тариқа тизгинда тутиб турибди.

Пентагон эса буюртма қилинган 100 дона F-35 қирувчисини Туркияга сотишдан бош тортди. Бу учоқлар учун Туркияда ишлаб чиқарилаётган қисмлар ҳам энди АҚШ томонидан харид қилинмайди. Бу Туркиянинг ривожланиб бораётган ҳарбий саноатига катта зарбадир. Улар мазкур битим бўйича 12–15 миллиард доллар маблағни қўлга киритишни мўлжалга олиб ҳам қўйган эди. Туркия қуруқ қолди.

Бунинг янада жиддийроқ оқибати – Туркия ҳарбий ҳаво кучларининг келажакдаги ҳарбий амалиётларда таянчи бўлиши кутилаётган учоқларсиз қолди. F-35 дан маҳрум бўлган Анқара НАТО ҳарбий амалиётларида қатнаша олмаслиги ҳам мумкин. Трамп ҳам Эрдўғонни, қанчалик истамасин, ҳимоя қила олмай қолиши ҳам мумкин. Конгрессдаги республикачилар ҳам, демократлар ҳам Туркиядан ғазабда.

Улар президент Трампни Туркияни жазолашга мажбур қиладиган қонун лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Конгресс сентябрь ойида таътилдан қайтгач, агарда вакиллар палатасининг учдан икки қисми мазкур қонунни тасдиқлаб овоз берса, Трамп вето қўя олмай қолади. Воқеалар жадал ривожланиб бормоқда.
Жаҳонгир Эргашев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Нима учун Эрдўғон Россия томон юз тутди?