
Британияда 1841 йилда ташкил этилган дунёдаги энг йирик туристик компания Thomas Cook кредиторлар билан қарзни узиш бўйича муваффақиятсиз якунланган музокаралардан кейин мажбурий тугатилиши ва фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Компания қарзи 2 млрд фунт стерлингга яқинни ташкил қилади. Ҳозирда компаниянинг 600 мингга яқин мижози, жумладан 160 минг британиялик бутун дунё бўйлаб дам олмоқда.
Компания барча парвозларни тўхтатган, турлар ва бронларни бекор қилган. Компаниянинг инвесторлар ва кредиторлар билан қарзни узиш бўйича олиб борган кўп ойлик музокаралари бесамар якунланган.
Британия ҳукумати таътили 23 сентябрдан 6 октябргача давр ичида якунланадиган британиялик сайёҳларни ортга қайтариш харажатларини тўлаб беради. Бу одамлар учун ўнлаб чартер рейслари буюртирилган: яқин икки ҳафта ичида бу мақсадда мингдан кўпроқ рейс бажарилади. ОАВда таъкидланишича, бу Британия фуқароларини хориждан қайтариш бўйича Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик амалиётдир. У қиролликка 600 млн фунт стерлингга (750 млн доллар) айланади.
6 октябрдан кейин сайёҳлар уйга қайтиш харажатларини ўзлари тўлашларига тўғри келади. Европанинг бошқа давлатларида сайёҳларни қайтаришга тегишли идоралар ва ҳукуматлар жавобгар бўлади.
Британ туроператори 60 дан кўпроқ йўналиш бўйича оилавий ҳордиқ учун арзон йўлланмалар таклиф қилган. 2018 йил компания хизматларидан 19 млндан кўпроқ одам фойдаланган. Thomas Cook туроператорлик ва меҳмонхона бизнеси соҳасида кўплаб брендларга ҳамда 30 дан кўпроқ самолёти бўлган ўз авиакомпаниясига эга. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар