Ўзбекистон собиқ раҳбарининг қариндоши халқаро фашистлар тўдасига бошчилик қилган

  • 31 январь 2020, 10:43
  • 7 209
  • Дунё
  • Ўзбекистон собиқ раҳбарининг қариндоши халқаро фашистлар тўдасига бошчилик қилган
    Фото: BBC
    Ўзбекистонлик таниқли cулола вакили, Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг собиқ талабаси Алишер Муҳиддинов IronMarch.org («Темир марш») деб аталган интернет-форумга асос солиб, халқаро миқёсда фашистик ғояларни тарғиб этган. Бу ҳақда BBC рус хизмати хабар беради.

    2011 йилда ташкил қилинган форум халқаро миллатчилик ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатган. Фашистик ғояларни инглиз тилида тарғиб этган яширин гуруҳ «одатий» терроризм воситаларига қаноат қилмай, ядро қуролини ишга солишни орзу қилган. Британия матбуоти IronMarch.org форумини «фашистлар фейсбуки» деб атаган.

    Қайд этилишича, Алишер Муҳиддинов интернетда «Александр Славрос тахаллуси билан фаолият олиб борган. У ўзини очиқдан-очиқ фашист, ирқчи деб атаган, Ғарб мамлакатларидаги кўплаб неонацистларга «устоз»лик қилган. Фалсафий эсселар ёзиб, фашизмнинг замонавий талқинини яратишга уринган.

    А.Муҳиддинов дастлаб Москва давлат университети (МГУ), сўнгра Москва давлат халқаро муносабатлар институтида (МГИМО) таҳсил олган. Аммо ҳар икки олийгоҳдан ҳайдалган. Осиё ирқига мансуб йигитни рус миллатчилари ўз сафига қабул қилиши амримаҳол эди. Шу боис у мустақил «таълимот»ни яратишга уринган. Рус ва итальян миллатчилари ғоялари таъсирида бўлган А.Муҳиддинов сталинпараст эканини ҳам яширмаган.

    Журналистларнинг аниқлашича, Алишер Муҳиддинов ота томондан ўзбекистонлик атоқли давлат арбоби Нуриддин Муҳиддиновнинг қариндоши саналади. 1950-йилларда Ўзбекистон ССРга раҳбарлик қилган Н.Муҳиддинов кейинги ўн йилликлар мобайнида собиқ Иттифоқ миқёсида юқори лавозимларда фаолият юритган. А.Муҳиддиновнинг отаси – тадбиркор, меҳнат муҳожирларига кўмак жамғармаси раҳбари. Онаси эса спорт журналисти.

    Бир неча йил аввал IronMarch.org форумининг айрим аъзолари АҚШ ҳамда Канадада қотиллик ва экстремизмда айбланиб ҳибсга олинган. Олти йил давомида миллатчилик ғояларини тарғиб-ташвиқ этган форум 2017 йилда қўққис ёпилган. А.Муҳиддинов эса номаълум сабабларга кўра жазодан қутулиб қолган. BBС’га кўра, у айни пайтда Москвада онаси совға қилган квартирада умргузаронлик қилиб келмоқда.

    Собир Салим

    » » Ўзбекистон собиқ раҳбарининг қариндоши халқаро фашистлар тўдасига бошчилик қилган