14:35 / 21 марта 2020
3 105

Пандемия Ғарб мамлакатларининг энг заиф жойини фош қилди

Пандемия Ғарб мамлакатларининг энг заиф жойини фош қилди
Миллатга фавқулодда мурожаатлар, қамоқхоналардан озод этилган маҳбуслар ва карантинга ёпиб ташланган шаҳарлар - жаҳон янгиликлари кишини ҳайратга солишда давом этмоқда. Аммо умумий таҳдид олдида бирлашиш ўрнига, давлатлар ким ва кимнинг мақсадларига тўғаноқ бўлишни аниқлаш билан овора. Бунда нафақат стратегик рақиблар, балки узоқ муддатли шериклар, яқин қўшнилар ҳам бир-бирларига ўз эътирозларини билдирмоқдалар.

Фейклар жанги
Хитой коронавирус эпидемиясидан аста-секин тикланмоқда - дала касалхоналари йиғиштирилмоқда, йирик шаҳарларда кафе ва ресторанлар қайта очилмоқда, ҳукумат эса ахборот майдонида фаол ҳаракатга ўтди. Ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжан Лицзянь 12 март куни вирусни мамлакатга АҚШ ҳарбийлари олиб кирган бўлиши мумкинлигини айтди.

Бундай "сурбетларча дезинформация кампанияси" сабабли элчи Цуй Тянькай АҚШ Давлат департаментига чақирилди. Хитойлик дипломатлар пандемия вазиятида ҳамкорлик қилиш кераклигини эслатиб, вазиятни юмшатишга ҳаракат қилишди. Бироқ, хушмуомалаликлар алмашинуви шу билан тўхтамади. Дональд Трамп ўз твиттерида SARS-CoV-2-ни бир неча бор "хитой вируси", деб атади. Унинг сиёсий рақиблари бунда ирқчилик бўй чўзганини кўришди.

Келиб чиқиши хитойлик бўлган CNBC мухбири - Цзян Вэйцзя ҳам оловга ёғ пуркади. У ўз микроблогида Оқ уй ходимларидан бири коронавирусни Kung-flu деб атади, деб ёзди ("кунг-фу" ва инглиз тилидаги грипп номи - "flu" сўзларидан олинган - таҳр.).

Овал кабинет эгасининг ўзи бу билан фақат вируснинг келиб чиқишига ишора қилганини тушунтирди. "Биз нима ҳақида баҳслашяпмиз? Мен уни қаердан келиб чиққанини айтдим холос: Хитойдан", - деди президент журналистларга. Пекинни бу талқин барибир ғазаблантирди. Бундай баёнотлардан мақсад - ХХРга шармандалик тамғасини босиш, дея таъкидлади хитойлик дипломат Гэн Шуан.

Хитойда Американинг йирик оммавий ахборот воситалари: New York Times, Wall Street Journal, Washington Post газеталари, фаолиятини чеклашга қарор қилинди, шунингдек, Time журнали ва " Voice of America " радиоси ҳам санкцияга дучор бўлди. Нашрларга ХХРдаги ходимлар, молиялаштириш, фаолият турлари ва кўчмас мулк тўғрисида ҳукуматга маълумот бериш мажбурияти юкланди. Бундан ташқари, баъзи мухбирларга ўз пресс- карталарини топширишга ва мамлакатда журналистик фаолиятни тўхтатишларига тўғри келади.

Вашингтон яна бир "ревизионист давлат" – Эронни ҳам дезинформацияда айблади. У ерда ҳам SARS-CoV-2 АҚШ биологик қуроли эканлигини тахмин қилишди. Давлат котиби Майк Помпео эса Теҳронни эпидемия кўлами ҳақидаги маълумотларни яширганликда айблади. "Эрон раҳбарлари ўз халқи эҳтиёжларига эътибор қаратиш ва самимий ёрдамни қабул қилиш ўрнига, бир неча ҳафта давомида Ухань вируси ҳақида ёлғон тарқатмоқда", - деди у.

Помпео Эрон ҳукумати коронавирусга қарши курашда муваффақиятсизлик учун жавобгарликдан қочаётганига ишонади. Теҳрон америкаликлар томонидан таклиф қилинган ёрдамни ҳақиқатан менсимади ва рад этди.

Шу билан бир пайтда, NBC манбаси берган маълумотларга кўра, Трамп Ироқдаги ғарб коалицияси базасига уюштирилган ракета ҳужуми учун Эрон объектларига жавоб зарбасини қайтаришдан воз кечган. Вашингтон фикрича, буларнинг орқасида Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланадиган "Катаиб Ҳизбуллоҳ" уюшмаси туради. Аммо жавоб ҳаракатлари шунга олиб келиши мумкин-ки, АҚШ дунё жамоатчилиги кўз ўнгида "ёмон кўриниб қолиши мумкин", ахир Эронда янги вирус тарқалиши туфайли мураккаб вазият юзага келган.

Айни пайтда, мамлакат соғлиқни сақлаш тизими катта босимда қолган. Коронавирус туфайли у ерда ҳатто 85 минг махбус қамоқҳоналардан озод қилинган. Президент Ҳасан Руҳоний дунё етакчиларини инфекциянинг тарқалишига қарши самаралироқ курашиш учун санкциялар олиб ташланишига ёрдам беришга чақирди. Бунда Теҳронни Москва ва Пекин қўллаб-қувватламоқда.

Вакцина учун кураш
Мутацияга учраган вирусга қарши вакцинанинг ишлаб чиқилиши - трансатлантик шериклар - АҚШ ва Германия ўртасида зиддиятни келтириб чиқарди.

Март ойи бошида немис CureVac биотехнологик компания раҳбари Даниел Маникелла Оқ уйда Дональд Трамп ва вице-президент Майк Пенс билан учрашди. "Биз бир неча ойдан кейин дори тайёр бўлишига қатъий ишонамиз", - деди Маникелла музокаралардан сўнг. Аммо, икки ҳафта ўтгач, у ўз лавозимидан кетаётгани маълум бўлди.

Германия ҳукуматидаги манбалар журналистларга АҚШ президенти тадқиқотчиларни океан ортига оғдириб олишга ҳаракат қилгани ҳақида хабар берди. Welt am Sonntag нашри маълумотига кўра, Трамп олимларга агар улар Америка лабораторияларида ишлашга рози бўлса, 1 миллиард доллар маблағ ваъда қилган.

Берлин Оқ уйни ғаразли манфаатларда гумон қилди, Германия Ички ишлар вазири Хорст Зеехофер эса канцлер Ангела Меркел Вазирлар маҳкамасининг фавқулодда йиғилишини ўтказишини, йиғинда, шу жумладан, CureVac ҳатти-ҳаракатлари туфайли етказилган зарар муҳокама қилинишини маълум қилди.

Зееҳофернинг сўзларига кўра, гап "нафақат соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқироз, балки миллий хавфсизлик ҳақида" кетмоқда. 18 март куни Меркел немис миллатига қилган мурожаатида Германия халқи бундай жиддий чақириқларга Иккинчи Жаҳон Урушидан бери дуч келмаганини тан олди. "Германия соғлиқни сақлаш тизими жаҳондаги энг яхшилардан биридир эҳтимол, аммо янги касалликка қарши вакцина ҳали йўқ", - дея таъкидлади канцлер.

Европа Иттифоқи анча вақтдан бери Вашингтон европа технологик ишланмаларини ўзлаштиришни истаётганидан ҳавотирда. Феврал ойида АҚШ бош прокурори Уильям Барр америкаликларни Европанинг иккита йирик телекоммуникация компаниялари - Ericsson ва Nokia устидан қай тарзда назорат ўрнатиш мумкинлиги устида бош қотиришга чақирганидан кейин яна бир жанжал кўтарилди.

Вакцинага оид ҳозирги фитналар АҚШ ва Германия ўртасида 2004 йилда Меркелнинг телефонини тинглаш билан бошланган зиддиятлар кетма-кетлигига устма-уст қўшилмоқда. Трампнинг Европадаги иттифоқчилардан НАТО ва бошқа оғриқли нуқталарга ўз ЯИМининг икки фоиздан кам бўлмаган маблағини ажратиши талаби, худди шу қатордан ўрин олган, дейди РИА Новостига Россия Фанлар академиясининг Европа Институти Германия тадқиқотлари маркази етакчи тадқиқотчиси Александр Камкин. "Махсус хизматлар канцлер суҳбатларини эшитиши - бу бошқа гап - албатта, бу ҳафа қилади, ранжитади, лекин буни тушунса бўлади, - дейди у. - Аммо глобал ваҳима фонида бутун бошли давлатнинг хавфсизлиги савол остига қўйилса, бу мутлақо бошқа масала, бунда ставкалар ҳам бошқа, муносабат ҳам айрича".

"Афтидан, Зеехофер шунчаки портлади. Қўшма Штатларнинг империалистик мессианизмидан норозилик Европанинг аксарият мамлакатларида қайнаш даражасига етди", - дейди ўз фикри якунида суҳбатдош.

Болтиқ тирбандлиги
Шарқий Европада ҳам низолар авжига чиқмоқда. Литваликлар, мисол учун, ўз уйига Германия-Польша чегараси орқали қайта олмаяпти. Польша транзитни ёпган ва назорат пунктларида юзлаб машиналардан иборат навбатлар пайдо бўлган. Латвия, Эстония ва Украина фуқаролари чегарада қолиб кетишган. Улар норозилик белгиси сифатида йўлни тўсиб қўйишди.

Музокаралар ҳеч қандай натижа бермади. Энди юзлаб инсонлар уйга қайтишнинг муқобил йўлларини излашга мажбур бўлади.

Бироқ, айланма йўлларда ҳам қийинчиликлар пайдо бўлмоқда. 16-март, душанба куни, литваликлар билан кулгили воқеа юз берди: улар Латвияга самолётда етиб олиб, таксига ўтиришди. Чегарада уларнинг машинасини ҳайдовчи латвиялик бўлгани учунгина ўтказишмади. Натижада, йўловчилар Литвага жомадонларини кўтариб пиёда кетишга мажбур бўлишди.

Хитойлик оға
Коронавирусга қарши курашда ЕИ ёрдамидан - "умум-европа уй"ига анча вақтдан буён интилганлар, масалан, Сербия ҳам умид узди. "Мен ҳозирча истиқбол учун хулосалар қилмайман, аммо биз халқаро ёки Европа ҳамжиҳатлиги йўқлигини тушундик. Буларнинг барчаси қоғоздаги эртак экан", - деди алам билан Сербия раҳбари Александр Вучич.

У Европалик шерикларнинг ҳаракатларини танқид қилди ва: Европа Иттифоқи Сербия пулларига муҳтож бўлганида, Брюссель Европа компаниялари шартномалар олиши учун тендерлар шартларини ўзгартиришни талаб қилганини эслатиб қўйди. "Фалокат юз берди ва Сербия пуллари ёрдам бермай қолди. Бунинг учун катта раҳмат, - ишонинг, ўз миннатдорчилигимни билдириш йўлини топаман", - деди Вучич.

Шу билан бирга, Сербия раҳбари, ХХР раиси Си Цзиньпинни "оға", деб атади ва кўмак учун унга мурожаат қилганини айтди.

Пекинга бошқа давлатлар ҳам умид билдиришмоқда. Си Цзиньпин Испанияга ёрдам беришга ваъда берди, Италия эса хитойлик шифокорларнинг иккинчи гуруҳини кутиб олди. Олтмиш минг дона коронавирус тести, интенсив терапия жиҳозлари, 9 тонна тиббий ашёлар ва дорилардан ташқари, анъанавий шарқ табобати препаратлари ҳам етказиб берилди.

Хитойнинг Европа мамлакатларига ёрдами турлича қабул қилиниши мумкин, деб ҳисоблайди Москва Карнеги маркази маслаҳатчиси Темур Умаров. "Италия "Камар ва йўл" ташаббусини қабул қилган бир пайтда, Франция ва Германия Пекин билан ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни фаол тарғиб қилар экан, Хитой бозорининг аксарият секторлари Европа компаниялари учун ҳамон берк",- деди у РИА Новости агентлигига.

"Коронавирус пандемияси, эҳтимол, Европанинг Хитойга нисбатан шубҳаларини йўққа чиқаради. Гарчи Пекинда Европа етакчилари иштирокида ўтказилажак кенг кўламли саммит бекор қилинган бўлса ҳам, Хитойнинг юқумли касалликларга қарши курашда кўрсатган ёрдами мамлакатнинг ижобий имижини кучайтиради. Брюссель Пекиндан аллақачон икки миллион тиббий ниқоб ва вирусни аниқлаш учун 500 минг тест тизимларини қабул қилиб олди", - дея эслатади сиёсатшунос.

Бироқ, Умаровнинг фикрича, ишончсизлик охиригача йўқолмайди. Бунга мисол қилиб ўша - Александр Вучичнинг оташин нутқини келтириш мумкин. "Эҳтимол, ўзи хоҳламаган ҳолда, Пекин Европа мамлакатларини уриштирмоқда", - дея хулоса қилади эксперт.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)